Аллоҳ, таолога беаъдад шукрлар бўлсинки юртимизни тинч қалбларимизни ҳотиржам қилиб қўйди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳеч шак-шубҳасиз, шукр билан ризқларни орттиражагини баён этди: “Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир”. (Иброҳим сураси, 7-оят)
Аллоҳ ушбу оятда беш нарсани шартли тарзда зикр этди:
- Бойликни: — Аллоҳ хоҳласа, ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. (Тавба
сураси, 28-оят)
- Илтижога ижобатни: — У (Аллоҳ) агар хоҳласа, сизлар дуо-илтижо қилган нарсани (бало-мусибатни)
аритур. Аллоҳга шерик деб биладиган бутларингизни эса унутиб юборурсизлар.
(Анъом сураси, 41-оят)
- Ризқни: — Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур. (Нур сураси, 38-оят)
- Афвни: — Албатта Аллоҳ ўзига шерик қилинишини афв этмас. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун афв этар. (Нисо сураси, 48-оят)
- Тавбани қабул этишни: — Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. (Тавба сураси, 15-оят)
Шукр илоҳий ахлоқдан биридир. Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг бу мавзудаги ҳадислари ва бошқа хабарлар:
Аллоҳ Расули (с.а.в.) айтдилар: Шукр қилиб тановул қилгувчи — сабр қилиб рўза тутгувчи янглиғдир. Қиёмат куни: «Ҳар кору ҳолда Аллоҳга шукр қилганлар оёққа турсин!» — деган буйруқ ўқилади, шунда бир гуруҳ инсонлар ўринларидан турадилар, улар учун бир байроқ кўтарилади ва улар жаннатга қараб кетадилар. Яна Аллоҳ Расули (с.а.в.) айтадилар:
Ҳамд (шукр) Аллоҳнинг киядиган чакмонидир (яъни чакмон инсонга қанчалик ёқимли бўлса ҳамд ҳам Аллоҳга шунча ёқимлидир). Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга (Қуръони каримда номи келтирилган пайғамбарлардан бири. Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли бўлгаи Айснинг авлодидан эди. Жуда кўп мол-мулки бор эди. Аллоҳ ҳар бандасини, шу жумладан, пайғамбарини ҳам синагандай, уни ҳам имтиҳон қидди. Бутун мол-мулки қўлидан кетди. Шунда ҳам у шукр қилди.Хаста бўлди, яна шукр қилди, сабр этаверди. Бадани яраларга тўлиб кетди, яна сабр қилди. Яралари қуртлади, ёнига одам келмас бўлди, фақатгина хотини садоқат билан хизматини қилаверди. У ҳамон сабр қилар, ибодатида давом этарди.
Ривоятларга кўра, Аллоҳ сабрни 10 га бўлиб, 9 қисмини Айюбга, фақат бир қисмини ер юзидаги барча инсонларга берган эди. Ва Аллоҳ унга соғлиқ, кетидан бир неча фарзанд ато қилди. Шундан кейин у ўзига аталган юртда ўз қавмига яна йигирма йил пайғамбарлик қилди) ваҳий йўли билан билдирди:
—Мен комил бандаларимдан комиллиги эвазига фақат шукр олишга рози бўлдим.
Яна Аллоҳ сабрлиларнинг ҳолини баён этган бир ваҳийда марҳамат қилди: Уларнинг жойи жаннатда доруссалом (жаннатдаги бир боғдир). У ерга кирган вақтларида шукрни илҳом қилажакман. Бу энг яхши сўздир. Шукр қилган пайтларида уларни маъмур этаман. Менга назар солишлари билан янада маъмур этаман.
Мол-мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда, Умар Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан сўради:
— Қандай турдаги нарсани мол қилай?
Расул буюрдилар:
— Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳни зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол қилингиз!
Кўриниб турибдики, Пайғамбар (с.а.в.) Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи қалбни молдан устун қўйишни амр этганлар.
Ибн Масъуд шундай дейди:
— Шукр иймоннинг ярмисидир. Билки, шукр:
1) қалб билан;
2) тил билан;
3) аъзолар билан изҳор этилади.
Қалб билан шукр қилиш — бу, қалб билан яхши нарсаларни ният қилмоқ ва барча жонзотлар учун қалбда яхши фикрларни жалб этмоқ демакдир.
Тил билан шукр қилиш — бу, шукрини далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳга ҳамд этмоқдир.
Аъзолар билан шукр қилиш — бу, Аллоҳнинг неъматларини ибодат, итоат ва хайр йўлларида ишлатмоқ, уларни Аллоҳга исён йўлида ишлатишдан тийилмоқдир. Масалан, гап-сўз бўлиб тургай ҳар турли гуноҳ ва айб нарсаларга қарашдан кўзларни олиб қочмоқ ва юммоқ — бу,кўзнинг шукридир. Мана шу «аъзо ила Аллоҳнинг неъматларига шукр» жумласидандир. Зотан, инсон бутун борлиғи билан Ватани ва яқинларига эзгулик қилиш йўлида қилган ҳар бир саъй ҳаракати шукронадир.
Х.Мунисов
Боғот тумани “Сайид Мансур Эшон бобо” масжиди имом-хатиби