Ислом шундай мукаммал динки, у фақат диний аҳкомлардан иборат эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантириб камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Аммо, инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч келиши табиий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири ақидапарастлик ҳисобланади.
Ақида, эътиқод (араб. “ақд” — бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш; кўпликда -ақоид) — балоғатга етган киши эътиқод қилиши, имон келтириши, ислом динининг заруратлари шаклида тасдиқ қилиши, қалбига маҳкам боғлаб олиб ундан ажралиши мумкин бўлмаган шаръий эътиқодий ҳукмлардир. Инсоннинг икки дунёдаги саодати айнан унинг соф ёки бузуқ ақидасига боғлиқ. Ислом ақидаларининг асоси Қуръонда берилган, ҳадислардаги кўрсатмалар негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган. Исломнинг суннийлик йўналиши илоҳиётда эътироф этиладиган ақидалар ёки имон талаблари 7 та: Аллоҳнинг ягоналигига, фаришталарга, муқаддас китобларга, пайғамбарларга, охиратга, такдирга ва қиёмат куни барчанинг қайта тирилишига ишониш. Мана шу етти нарсадан ортиғини эътиқодга қўшиш ёки шу етти нарсадан камайтириш оқибатида ақидапарастлик пайдо бўлади. Ақидапарастликнинг келиб чиқишини асосий сабабларидан бири динда илми саёзлик, мутаассиблик ва динда ғулувга кетишдир.
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки, бу икки иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда.
Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетиш нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?
Мутаассиблик – унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Халқаро тушунчаларда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутассиб (фанат) киши кўр-кўрона ҳох тўғри, ҳох нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб ҳисоблаган ҳолда баъзан ўз фикрини амалда намойиш қилишга ҳаракат қилади.
Динда ғулувга кетиш – динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўл деб нотўғри йўлга бурилиш маъноларини англатади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Қиёмат куни олти тоифа киши олти нарса билан ҳисоб қилинмасдан олдин дўзахга киради”. Сўрашди: “Эй Расулуллоҳ, улар кимлардир?» Айтдилар: “Мендан кейинги амирлар жабр-зулм туфайли; аъробийлар мутаассиблик туфайли; бошлиқлар кибр-ҳаво туфайли; савдогарлар хиёнат туфайли; бойлар жоҳиллик туфайли; аҳли илмлар эса ҳасад туфайли дўзахга кирадилар”.
Уламоларимиз “аъробийлар” иборасини шариат илмидан бехабар, саводсиз кишилар деб тафсир қилишганлар. Демак, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида ўзининг каломи шарифида “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир.” деб, ўз бандаларини фитнадан эҳтиёт бўлишга буюради. Мазкур ояти каримадан ҳам аён бўлаётирки, инсонлар орасида фитна фасод ишларини тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ. Чунки инсонни руҳан ўлдириш уни жисмонан ўлдиришдан фожиалироқ ва оқибати даҳшатлироқдир.
Пайғамбаримиз с.а.в. динда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида шундай кўрсатма берадилар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди…”, яъни, фарз қилинган ибодатлардан ташқари ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳаддан зиёд ўз зиммасига юклаб олиши натижасида уларни бажара олмай ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади.
Оиша (р.а)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. ибодатларни бажаришда Аллоҳ таолонинг фазлидан умид қилган ҳолда мўътадил бўлишни буюрадилар: “Тоат-ибодатларингизни тўғри, мўътадил адо этинглар, билингларки, Аллоҳ таоло хушлайдиган амал, қисқа бўлса-да, узлуксиз адо этиладиганидир!”.
Муқаддас динимизни соф ва асл ҳолида бошқаларга етказиш жамиятдаги барчанинг олий вазифасидир. Бу ўринда уламолар Ислом дини ақидасини оммага оят ва ҳадислар орқали Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида холис етказишлари лозим бўлади!
М.Машарипов
Урганч тумани “Ших Шароф бобо” масжиди имом-хатиби