ТИНЧЛИК ОСОИШТАЛИКНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК

         Бугун дунёдаги воқелик бизларни бепарволик ва лоқайдликка берилмасликка ундайди. Чунки тинчлик улуғ неъмат, қадрига етишимиз ва ҳаммани шукронага чорлашимиз лозим. Ўз нзвбатида юз бераётган хунрезликларга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Бир сўз билан айтганда, ҳамиша огоҳ яшаш ҳар қаандай хавф-хатарнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

        Халқимизда “Юртинг тинч-сен тинч” деган мақол бор. Оқил юртбошимиз бежизга “Биз учун, тинчлик ва осойишталик ҳамма нарсадан қадрлидир”, -дея озод юрт фарзандларини обод ўлкамиз Ўзбекистонни асрашга чақиряптилар. Сайёрамизнинг турли бурчакларида ёнаётган уриш ўчоқлари, дарҳақиқат, барчамизни хушёрликка чорлаши лозим.

       Ислом дини ҳам кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида иймон,инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик, бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Негаки тинчлик Аллоҳ Таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Қурони Каримда : “Эй иймон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришинг” дейилгани ҳам динимиз тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғоя ва муҳим шиорига айлантирганиниг яққол мисолидир.

            Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳам: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки бундан кўп одамлар бебаҳрадир” деб, одамларни тинч ва осойишта кунларини қадрлашга чақирганлар. Ҳақиқатдан ҳам айни кунда бу улуғ неъмат (тинчлик)дан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмаслигини кўриб, эшитиб, гувоҳи бўлиб турилибди. Террорчилар ноҳақ тўкаётган қонлар ҳар биримизни қалбимизни ларзага солиб, оз бўлсада тафаккур қилишга сабаб бўла олади. Чунки кеча ғарбда ёққан ёмғир бугун ёки эртага  шарққа келмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бугун қўшнининг уйида чиққан ёнғиннинг ўзи бизгача етиб келмасада, аммо ҳеч бўлмаганда тутини ёки бошқа бир салбий таъсири, албатта етиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги замоннинг ўзи воқеаларга очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашга, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб, мустаҳкам маънавий таянчга асосланиб яшашга ундамоқда. Мустақил Ўзбекистонимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асрайлик. Марҳум юртбошимиз айтганларидек: “Биздан озод ва обод ватан қолсин!”

А.Абдримов

Янгиариқ тумани “Муҳаммад Саид” масжиди

имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *