Ҳижрат луғатда “кўчиш”, “кўчиб ўтиш”, “бирор нарсадан ажраш” маъноларини билдириб, истилоҳда илк Ислом даврида мушрикларнинг тазйиқларига учраган мусулмонларнинг Маккадан бошқа ерларга кўчиб ўтишлари тушунилади. Яъни Мадина шаҳрига кўчишлари тушунилади. “Такфирчилар” ҳам ўзларини, айнан, илк мусулмонлар каби кофирлардан азият чекаётганини пеш қилиб, тоғли минтақаларга чиқиб кетишга чақирадилар ва уларга қўшилмаганларни кофирликда айблайдилар. Пайғамбаримиз с а в хижратлари билан адашган тоифаларнинг хижрати ўртасида катта фарқ бор. Ўша вақт Пайғамбаримиз с а в бошчилик мусулмонлар тинч хотиржам, жонлари ва моллари омонда бўлган юртга хижрат қилганлар. Ҳозирги кунда адашган тоифалар жамоа аъзоларини тоғли минтақаларга ёки хориждаги жангарилар тайёрланадиган марказларга ёки уруш бўлаётган юртларга жўнатишга ҳаракат қилмоқдалар. Бундан жиҳод қилиш учун ҳарбий тайёргарликлар кўришини англаш қийин эмас, албатта.
Ҳозирда ислом дини ақидасини бузиб, аслида ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар «хижрат қилмаганлар кофир, кофир юртда яшамоқлик куфр» деган даъво билан ватандошларимизни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар. Аслида эса, ислом таълимотига мувофиқ, Ўзбекистон каби мусулмонобод мамлакатдан “ҳижрат” қилинмайди.
Бу гуруҳларнинг даъватларига биноан юртимиздан ҳам “исломга, мусулмонларга ёрдам” бераман деб “ҳижрат” қилаётган кимсалар ҳам топилмоқда. Яқин қариндошлар, қўни-қўшнилар, дўстлар орасида моддий-маънавий, жисмоний ёрдамга муҳтож мусулмонлар топилсада, улар ўзга юртдагиларга ёрдам беришадими?!
Ҳар қандай яхшиликнинг ҳам энг афзали ўз яқинларига қилинганидир. Қизиқ, улар “ҳижрат” қилиб қайси мусулмонларга ёрдам беришар экан?! Ўзини мусулмонман деб атаб, мусулмоннинг қонини тўкаётган золимгами, ёки ўша золим зулми туфайли кўз очиб кўрган жигарбандининг, турмуш ўртоғининг, отасининг тупроқ билан беланган жасадини қучиб йиғлаётган мусулмон мазлумгами?!
“Ҳижрат” қилиб кетаётганларнинг ота-онаси, аҳли-аёли, фарзандлари қай аҳволга тушаётган экан? Умрининг охирида “қариб қолдик, энди ўғлимиз билан бир оила бўлиб, унинг фарзандларига бош бўлиб ҳаёт кечирармиз, ўғлимиз бизга меҳнат қилдирмас”, деб Аллоҳдан умид қилиб турган ота-она “яхши бор ўғлим, биз бировнинг эшигини тозалаб бўлса ҳам бир кунимизни кўрамиз, сен йўлингдан қолма”, деб айтармикин?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ота-онасини йиғлатиб юртни ҳимоя қилишга кетаётган йигитга: “ота-онанг ҳузурига қайт ва уларни худди йиғлатганинг каби (хурсанд қилиб) кулдир!”,-деб буюрдилар.
Ота-онасини йиғлатиб қилинган амал қандай ҳам яхши амал бўлсин?!
Ёки кўчадаги ўртоқларига “мени дадам ҳаммадан зўр, мени дадам сени дадангдан яхши” деб мақтаниб юрган жажжи ўғил-қизалоқлар “сиз кетаверинг, биз ўзимиз одобли бўлиб ўсиб-улғаямиз” деб ишонтиришармикан?!
Шунинг учун ҳам “… Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам): “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар ”.
Азизлар, биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга ҳали Ислом дин борасида кўп маълумотга эга бўлмаган кишиларга ҳижрат ҳақидаги маълумотларни тўғри ва ҳақиқий маъносини етказиб қўйишимиз кeрак. Шунда ёшлар xавф-ҳатар аслида “ҳижрат” сўзида эмас, балки бу сўзни қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканлигини тушиниб етишади.
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби