Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор. Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади. Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир.
Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.
Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.
Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: «Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса». Бошқа таърифда: «Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса», – дейилади.
Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.
Пора араб тилида «ришва» деб аталади, шаръий истилоҳда эса ”Пора-хақни юққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсадир”. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳудан ривоят қилинади “Расулуллох солаллоҳу алайҳи васаллам; «Пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам ушбу ҳаром ишни қилганлари учун лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки лаънат бировни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир”, дедилар
Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарсаси булмай қолмаслиги ҳаммага маълум.
Мазкур пора савдоси жаҳон мамлакатларини ўйлантириб турган катта муаммолардан биридир. Пора муомаласи барча динларда гуноҳ ҳисобланади.
Икки олам саййиди Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам порадан қаттиқ қайтарганлар. «Пора берувчи хам, олувчи хам, ўртада турувчи хам жаҳаннамга ташланади» -дедилар.
Имом Заҳабий шундай деганлар “Эй инсон сен ер юзига йиғлаб келдинг ота-онанг сени хурсанд бўлиб кутиб олдилар, Эй инсон энди сен бу дунёдан кетмасингдан олдин жамият, халқ, дин, давлат, ота-она ва фарзандлар олдидаги бурчларингни мукаммал адо қилиб қўйгинки, кетар чоғингда қандай инсон эди-я деб орқангдан йиғлаб қолсинлар.
Порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида нохақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади. Мамалакатимиз мустаҳкамлиги, ривожи ва гуллаб яшнашини, охирати обод бўлишини истаган ҳар-бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан холос бўлиши керак.
Р.Рахимов
Янгиариқ тумани “Хазрати Ғоиб ота” масжиди имом ноиби