Қайнона – келин аҳллиги оила тинчлиги

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратди. Шу жуфтлик орқали одамлар ҳалол йўл билан оила қуриб, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлайди. Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туйғуларини ҳам пайдо қилди.

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Шунга биноан, шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган.

Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиш вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларни розилигини олишим шарт эмас, дейиш жоҳиллик ва илмсизликдир. Эркак кишига энг ҳақли зот унинг онасидир. Аёл кишига эса энг ҳақли зот унинг эридир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аёл кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим.  У зот: “Унинг эри”, –дедилар. Мен: “Эркак  кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Онаси”, – дедилар” (Имом Ҳоким “Мустадрак” китобида ривоят қилган).

 Рисоладаги эркак ҳаёти давомида доим икки аёл: онаси ва жуфтига моддий ва маънавий таъминот ҳамда ғамхўрлик қилади. Улар ўртасида адолат ўрнатган ҳолда ҳаёт кечиради.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий)қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…” (Нисо сураси, 34-оят).

Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб ҳурмат қилиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкор-қулдек муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонанинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.

не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда.

 Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, муҳтарама қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олийжаноблик саналиб, ёшларни тўғри йўлга тушишига сабаб бўлади. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг фақат ҳурматлари ортишига олиб келади.

Бу оят билан Аллоҳ таоло эркакнинг оиладаги ўрнини белгилаб берди.

Аллоҳ таоло барчамизни ўз зиммасидаги бурчларни тўлиқ бажарувчи бандаларидан қилсин!

Р.Полвонова

Хива тумани “Шомохулум” маҳалласи отинойиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *