Динимизда ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Зеро, экин экишлик улуғ амаллардан саналади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.
Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:
“Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Ар Раҳмон, 6 оят).
Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади.
Аллома Мовардий (р.а) айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Биз ўтказган кўчатлар ва ўсимлик доимо Аллоҳ таъолога тасбех айтиб туради.
Жума сурасининг 1-оятида шундай мархамат қилинади: «Осмонлардаги ва Ердаги(бор) нарса (мутлоқ) Подшоҳ , (нуқсонлардан) Пок, Қудратли ва Хикматли бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур ».
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” . (Муслим ривояти)
Бу ҳадис шарифдан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам, унга қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмоқда.
Бахор фасли, янгиланиш ва ёшариш фасли бошланиши билан амалга оширадиган барча эзгу ишларида юқорида зикр қилинган туйғулар бутун бўй-басти билан ўз ҳаётий ифодасини топади, десак муболаға бўлмайди.
Баҳорнинг ҳар куни қутлуғ ниятларга ҳамоҳангдир. Ёш ниҳолларнинг эртага боғга айланиши ҳамда унинг мевасидан ёшу кекса баҳраманд бўлиши орзуси дилларни завққа тўлдиради.
Мана шундай навбаҳор фаслида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё экани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлиги учун ҳаракат қилайлик.
Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Шунингдек, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш каби ишларни амалга оширишда барчамиз фаол бўлсак миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимизнинг асосий фазилатли ва ҳайрли ишларини амалга оширган бўламиз.
У. Бабажанов
Урганч тумани «Шоликор» масжиди имом-хатиби