Тарбия – энг олий қадрият

Кишилик жамиятида инсон психологияси, унинг руҳий камолоти ҳақида қадимдан турли қарашлар мавжуд. Бу мавзу бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Муқаддас динимиз Исломда бу соҳага ҳам алоҳида эътибор берилган ва энг тўғри қарашлар кўрсатилган. Бу борада айниқса нақшбандия тариқатиниг тутган ўрни беқиёс. Уларни ўрганиб, халқимиз эътиборига ҳавола қилиш, ўсиб келаётган авлодни шу таълимотлар асосида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб масаласидир.

— Тарбия ҳақида гап кетганда ўтган асрнинг бошларида халқимизнинг жонкуяр маърифатпарвари Абдулла Авлонийнинг бир гапи беихтиёр ёдга тушади: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Дарҳақиқат, тарбия сабабли даврлар ва халқларнинг келажаги белгиланади, у ҳар бир жамиятнинг жон томири, олий қадрияти ҳисобланади. Келажак авлод – фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, тарбияга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” деганлар.

Тарбияни тор доирада тушунмаслик лозим. Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура мафкура ва ғайриинсоний ёт ғоялардан сақлаши керак. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзандгина ота-онага меҳрибон, эл-юртга садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

Фарзанд тарбияси билан унинг гўдаклик давриданоқ, ҳатто дунё юзини кўрмасидан аввал шуғулланиш лозим. Халқимиз қадимдан тарбияни кўпнинг иши деб билган. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқ каби инсоний фазилатларни муқаддаслаштириб, ҳар бир йигит-қизга ёшликдан шу қоидаларга амал қилишни ўргатиб, назорат этиб борган.

Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош-уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандни, аввало, яхши оила, яхши ота-она тарбиялайди. Халқимизнинг қадриятлари ранг-баранг бўлиб, ҳар бири яхлит бир асардир. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота”, деган ҳикматли сўзларининг замирида олам-олам маъно бор. Бугунги кун юртимизда баркамол авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Миллий қадриятларимиз асосини маънавият ташкил этади, маънавият эса тарбия демакдир. Маънавият билан инсоннинг имони, эътиқоди, ахлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни Ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг нақадар юксак маънавият соҳиби эканидан далолат беради.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Уламоларимиз фарзанд тарбиясини тўрт қисмдан иборат эканлигини баён қилган:

1.Эътиқод тарбияси. Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан то вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари сингдириб борилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу тўғрида шундай дейдилар: “Ҳар бир туғиладиган фарзанд Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирадиган бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса ота-онаси уни ё яҳудий, ёки насроний, ёки мажусий этиб вояга етказади”. (Олти саҳиҳ муаллифлари ривоят қилишган).

Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келади. Ана шу софликни сақлаш, уни шакллантириш ва турли хил ғайриинсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт бўлган турли ғоялардан асраш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир.

  1. Жисм тарбияси. Ота-она фарзанднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига ҳам масъул бўлиб, бунда боланинг етарли миқдорда тўғри овқатланиши, кийиниши, ётиб-туриши ва жисмоний машғулотларига эътибор қаратиш лозим. Фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат унинг келажаги, балки бутун миллат келажагини таъминлаш эканини асло ёддан чиқармаслик лозим. Соғлом авлодни тарбиялаш буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир. Фарзандга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб, руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ота-онанинг энг муҳим бурчларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар”,деб фарзандларни чаққон, соғлом, бақувват, зийрак ва ҳунарли қилиб тарбиялашга тарғиб қилганлар. Чунки соғлом ва кучли инсон ҳар доим ўз элига, ватанига наф келтиради.
  2. 3. Ахлоқ тарбияси. Ёшлар барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлиши лозим. Чунки одоб дунё ва охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Бу барча динларда ўз тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Хусусан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқ (одоб)дан афзалроқ нарсани мерос қилиб қолдира олмайди”“Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва одобларини чиройли қилинглар”,  деб марҳамат қилганлар.

Киши ўғил-қизини гўдаклигидан тарбиялаб, одоб бермоғи керак, чунки чиройли хулқ фарзандларимизнинг комиллик сари қўйган илк қадами ҳисобланади. Доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса ундан-да азиз” (халқ мақоли). Дарҳақиқат, фарзанд одоб-ахлоқи билан азиздир. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади. Ислом динида ибодат даражасигача чиқарилиб, ҳатто унинг арконлари билан тенглаштирилган амаллардан бири ҳам чиройли хулқ ва ҳаёдир. Бу икки фазилат бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни бир-бирисиз, динни эса уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу икки фазилат диннинг бир бўлаги бўлиши билан бир қаторда, инсоннинг энг олий, бебаҳо зийнатларидир.

Киши фарзанди тарбиясига эътиборли бўлиб, уннинг одоб-ахлоқини такомиллаштириб борар экан, келажакда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўлади.

Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамият қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий қарашларидаги янгила­ниш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқ.  Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабларига мос равишда тарбиялаш учун таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Бу тадбирлар ёш авлодни келажакда ҳам маънан, ҳам жисмонан етук инсон бўлиб, фаровон, бахтли ҳаёт кечиришлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат ва иллатлардан холи равишда вояга етказишда албатта ота-оналарнинг ўрни беқиёсдир. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади.

У.Бобожонов

Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *