Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 мартдаги 91-сонли фармойишига кўра, 2023 йилнинг 18 март куни “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат билан вилоятимизда ҳам ҳашар ўтказилмоқда.
Аллох таоло Ўзининг яратувчилик қудрати билан инсон наслини яратганидан сўнг унга Ер юзида умргузаронлик қилиш учун таърифи йўқ неъматларни ато қилиб қўйди. Экинлару мева дарахтларни ўстириб, уларнинг ризқини бемалол, ҳаётини қулай қилди. Ҳар биримизнинг дастурхонимиздан деҳқон ва соҳибкорларимиз, чорвадор ва боғбонларимиз етиштирган турфа хил ноз – неъматлар бирор кун ҳам узилмайди. Бу неъматларни суйиб истеъмол киламиз, уларни етиштирганларга барака тилаб дуолар қиламиз. Аммо кўпинча неъматларни бандаларига беминнат бериб қўйган, ер юзидаги барча махлуқларига, жумладан башар наслига ризқ ато этиб қўйган меҳрибон Зотни ҳамиша ҳам эсга олавермаймиз. Агар Аллох таоло осмондан қор – ёмғир ёғдирмаса, ерларни унумдор қилиб қўймаса, одамларга дехқончиликнинг сир – асрорини ўргатмаса, инсонлар бугунгидай тўкин, фаравон ва файзли турмуш кечирмаган бўлишар эди.
Улуғ ватандошимиз, муҳаддисларнинг пешқадамларидан бўлган зот – имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ҳадисда – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар», дейилинган…
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу чақириқлари ҳар бир мусулмоннинг доимо ёдида турмоғи лозим. Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз – ҳамма жойимизни озода ва покиза тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Ҳар қандай инсон озода, покиза жойни кўрса «Бу ерда мусулмонлар яшайди шекилли», дейдиган бўлсин.
Яна шунингдек, ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Ислом дини шахсий тозалик билан бир қаторда атроф-муҳит тозалигига ҳам аҳамият қаратиши аён бўлади.
Аслида Ислом дини келган даврларда ҳозиргидек чиқиндилар, турли-туман зарарли тутун ва ҳоказолар чиқарувчи завод-фабрикалар, конлар, кимё заводлари, машина ва ҳоказолар бўлмаган. Одамлар бугунги кунимиздагидек кўп чиқинди ҳосил қилувчи маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаган. Табиат қўйнида, табиий неъматлардан озиқланган. Турли хил сунъий моддалардан тайёрланган хилма-хил ўрам, қадоқ ва бошқа идишлардаги егуликлар емаган. Бу эътибордан уларнинг чиқиндилари ҳам табиат ва муҳитга дўст бўлган безарар чиқиндилардан иборат бўлган. Уларнинг асосийси таом қолдиқлари бўлган, холос. Шундай бўлса ҳам динимиз ўша вақтнинг ўзидаёқ атроф-муҳит тозалиги, шахсий тозалик ва гигиена соҳасида келажак даврларга ҳам манфаатли бўлувчи кўрсатмаларни бериб қўйган.
Тилга олганимиз ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларни тоза тутишга буюрганларини ўқидик. Шу ўринда бир тафаккур қилайлик, ҳовлиларни озода тутишга динимизда бу қадар эътибор берилган экан, уйларнинг ичи ҳақида нима дейиш мумкин? Табиийки, уйларнинг ички қисмларининг тозалиги динимизда янада муҳимроқ ўринда экани шубҳасиздир. У ҳолда ўша уйларнинг яшовчилари бўлмиш инсонларнинг тозалигичи, бу ҳақда нима дейиш мумкин? Кўриниб турибдики, ҳовли тозалигига алоҳида даъват билан чақирувчи дин уйларнинг тозалиги ва инсонларнинг тозалигига ундан-да кўпроқ аҳамият қаратгани муқараррдир. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Саҳобаларнинг улуғларидан, “Мадрасайи Муҳаммадийя” талабаларидан бўлган зот – Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир қора танли киши ёки қора танли аёл масжидни супуриб юрарди. У киши вафот этиб (кўринмай қолган эди) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сўраб-суриштирдилар. Саҳобалар у аёлнинг вафот этганини айтишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Менга шуни айтсангиз бўлмасмиди?”, дея (бироз ғазабланиб) менга унинг қабрини кўрсатинглар”, дедилар. Шундан кейин унинг қабри тепасига келиб, унга жаноза ўқидилар”.
Ушбу воқеадан атроф-муҳит тозалигини сақлаш, хусусан, Аллоҳнинг байти бўлмиш – масжидни пок тутиш нечоғлик олийжаноб иш экани маълум бўлади.
Аллох таоло бандаларига барча экинларни ўстирувчи, ерларга ҳаёт бағишловчи, ҳосилнинг етилиши гарови фақат Ўзи экани хабарини бериб, бундай мархамат қилади:
яъни: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверар (ва айтар) эдингиз; “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқларимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлар эдингиз)”. (Вокеъа, 63 – 67)
Абу Ҳурайра р.а: Расулуллоҳ (с.а.в): “Хеч бирингиз (экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўсдирувчи (зориъ) Аллох таолодир”, дедилар.
Аллох таоло дехқончилик орқали етиштириладиган хосил ва меваларни инсонларга ризқ қилиб берган экан, киши ўз ризқига фарқсиз муносабатда бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун етиштирадиган ҳосилимизни турли бало – офатлардан асраш, бу йўлда динимиз кўрсатмаларига риоя қилиш хам мўмин – мусулмонларнинг вазифаларидандир. Шунинг учун хам хар биримиз дунё ободлиги охират ободлиги билан узвий боғлиқлигини яхши англаб, жаннатмакон юртимизнинг хар бир гўшасини обод ва фаравон қилиш йўлида астойдил мехнат килишимиз, турмушимизни янада файзли, кўркам ва тўкин қилиш ишига ўз хиссамизни қўшишимиз лозим.
Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в): “Бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллох таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру – савоблар ёзади”, деганлар.
(Имом Ахмад ривояти).
Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллох (с.а.в): “Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади”, деганлар.
Ер юзини макон тутиб яшаб турган миллионлаб инсонларнинг тўлақонли хаёт кечиришлари учун хар куни турли хил озуқа, гўшт – сут махсулотлари, мева – чева, дон – дунларга эхтиёжлари туғилади. Буларнинг хаммасини эса зироат – деҳқончилик билан шуғулланувчи касб сохиблари етказиб беришади. Уларнинг одамлар дастурхонини тўкин, ҳаётини файзли қилишдаги хизматларини таърифлашга суз ожиз.
Аллох таоло ризқ йўлини очувчи деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги хосиллари мўл – кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган хосилларни нест – нобуд ва увол қилмай йиғиб териб олишларини насиб этсин. Амиин!
Х.Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби