ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ГАРОВИ

Турли маданиятга мансуб аҳоли вакиллари ўзаро аҳил-иноқ яшаб келаётган Ўзбекистонда миллий ва диний бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бағрикенглик турли миллат ва элатга дахлдор кишиларнинг, турли хил диний эътиқодли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, бир юртда, бир ҳудудда олийжаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида тобора чуқур ва мустаҳкам ўрин эгаллаётган бағрикенглик тамойили тўғрисида  шундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.

Ўзбекистоннинг келажаги тинчлик ва бағрикенглик, маданиятлараро уйғунлик ва миллатлараро тотувлик каби омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Истиқлол йилларида республикамизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилди. Фуқаролар эътиқодларидан келиб чиққан ҳолда диний ташкилотларга бирлашиб, мустақил ҳуқуқий шахс сифатида фаолият юритиши, диний мутахассислар тайёрлашлари ва адабиётларни нашр этишлари, диний байрам ва маросимларини ўтказишлари, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари кафолатланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 миллиондан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Аҳолининг 94% ислом динига, 3,5%га яқини православ ва қолганлари бошқа конфессияларга мансубларни ташкил этади.
Республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2239 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2065 таси исломий, 157 таси христиан ташкилотлар, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва будда ибодатхонаси мавжуддир. Бундан ташқари, республикада конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда.

Ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ-яқин турли ҳудудларида ташвишли воқеалар тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, диний бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини кенг ёйиш, адоват ва муросасизликка олиб борувчи ҳар қандай йўлнинг пайини қирқиш муҳим аҳамият касб этиши, шу боис, бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз даркор.

Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди. Ёшларга тинчлик ва бағрикенгликнинг улуғ неъмат экани, уни қадрига етиш, жамият тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллар тўғрисида зарур маълумотларни бериш, уларда Ўзбекистоннинг маданий рангбаранглиги, юртимиздаги миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, шунингдек, ана шу маданий турфахилликни асраб-авайлаш каби ижобий фазилатларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эгадир.

А. Бобожонов

Гурлан тумани Усмон Саид бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *