Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар негизини аввало инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш, унинг орзу-умидлари рўёбга чиқишини кафолатлаш ташкил қилаётгани ғоят эътиборли ва қувонарли амаллардандир.
Абдуллоҳ ибн розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам; “Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. …Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатида бўлади” деганлар. Биз бугун ана шу биродарлик белгисини халқпарвар давлатимиз қиёфасида кўраяпмиз.
Хабарингиз бор, Юртбошимизнинг Бухорога ташрифлари вақтида Муфтий ҳазратлари кам таъминланган эхтиёжманд оила аъзоларини давлат ҳисобидан умра зиёратига юбориш таклифларини берган ва бу таклиф Юртбошимиз томонидан маъқулланганди.
Ҳар бир мусулмон банда ҳаж зиёратини орзу қилади. Умра зиёрати учун ҳозирда йўллар кенг очилганки, ҳар ҳафтада минглаб юртдошларимиз бу имкониётдан фойдаланмоқдалар. Аммо, тан олишимиз керак, айрим фуқароларнинг умра зиёрати учун имконлари йўқ. Шу маънода кам таъминланган эхтиёжманд оила аъзоларини давлат ҳисобидан умра зиёратига юбориш ўта савобли ишдир.
Мазкур таклиф қисқа фурсатда амалиётга айланди ва ҳозирда бир минг тўрт юз нафар кам таъминланган юртдошларимиз умра зиёратини адо этиш бахтига мушарраф бўлдилар. Улар орасида юз нафар Хоразмлик элдошларимиз ҳам бор.
Ушбу ҳайрли амал боис ҳаётий орзулари амалга ошгани –умра зиёратларини адо этганликларига имкон яратиб бергани учун зиёратчилар билан сухбатлашганимизда улар бир овоздан Юртбошимизга, у киши олиб бораётган халқпарвар сиёсатдан рози эканлигига ва бу кунларга етказган Аллох таолога ҳамду сано айтишларига гувоҳ бўлаяпмиз.
Юртимизда бу ва бу каби савобли ишлар мунтазам ва бардавомлиги билан эътирофга лойиқ. Ҳозир диёримизга ойлар султони, мехр-шавқат, саховат рамзи бўлган Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жихатидан бошқа ойлардан афзал бўлган мохи-шариф Рамазон ойда хам инсон қадри улуғланаётганини ҳаётий амалларда кўриб турибмиз. Бу эса кам таъминланган оилалар аъзолари учун давлат ҳисобидан ифторлик ташкил қилинаётганида яна бир бора намоён бўлди.
Вилоятимиздаги 530 та маҳалла мавжуд. Рамазон кунларида навбати билан, қатъий белгиланган тартибда ҳар бир маҳаллада юз нафар кам таъминланган оила аъзолари –рўзадорлар учун давлат томонидан ифторлик ташкил қилинаётир. Бу тадбир учун харажатлар давлат ҳисобидан қопланаяпти. Жойлардаги имом хатибларимиз, диний уламолар ифторлик ташкил қилиш ва унинг чиройли ўтмоғи учун масъуллар қаторида хизматдалар.
Шу маънода Рамазон кунларида вилоятимиздаги барча жомеъ масжидларида рўзадорлар таровиҳ намозларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилгани, бундан ташқари Қуръон Карим ҳатм қилинаётганини ҳам фаҳр билан эслатмоқ керак. Бу айнан юртимизда ҳар бир инсон қадри улуғланаётгани далолатидир!
“Ватан остонадан бошланади”, деган машҳур ибора бор. Ватан ҳар бир инсон қалби ва виждонидан бошланади, десак янада тўғрироқ бўлади. Сабаби, ҳар бир инсон қалбида Ватаннинг жажжи қиёфаси мужассамдир. Шу азиз Ватани, ватанидаги инсоний қонун-қоидалар ҳимоятида бўлган, унинг бугуни ва келажаги учун масъул раҳбарлар эътиборида турган, қадри ҳамиша қадрланган инсонлар бирлашиб, эртанги кунимиз –Янги Ўзбекистонни ҳамжиҳат барпо этишда олдинги сафларда бўлишлари ҳеч шубҳасиздир!
Ҳасанбой домла Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби