ЭРТА НИКОҲНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган муқаддас даргоҳ. Оила жамиятни тутиб, мустаҳкамлаб тургувчи асосий қўрғон. Қачон оилалар мустаҳкам бўлса жамият ҳам мустаҳкам, кучли бўлади. Ёшлар ана шу жамиятда униб-ўсиб, камол топади. Ундаги ҳар қандай қадриятни ўзида сингдириб улғаяди. Оиланинг муқаддас қўрғонлигини эса пиру бадавлат отахон-онахонларимиз сабоқларини эшитганда, ҳаёт тарзларини кўрганда чуқурроқ англаб етади, киши.
Афсуски, бугун оила деган муқаддас даргоҳнинг, ундаги юк ва масъуллик туйғуларининг моҳиятини англаб етмаган баъзи ёшлар, билиб-билмай ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб оилаларнинг бузилишига сабабчи бўлаётган катталар жамиятимизда учраб турибди.
Бундай ҳолатларни таҳлил қилар эканмиз, шу ўринда ҳақли савол туғилади: “Бу дегани неча-неча қоракўзларни ота ёки она меҳридан айириш эмасми? Бир оила ажралиш ёқасида турганда ҳатто Арш ҳам титрар экан. Нега биз бу ҳақда чуқур ўйлаб кўрмаяпмиз? Бугун — илм олиб, буюк келажакка куч ва салоҳият тўплайдиган даврларида ҳаммасини йиғиштириб қўйиб, эрта турмуш қуриш пайида ҳаракат қилаётган ёшларимизга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига, ким ўзарга данғиллама тўйлар қилиб оила номли муқаддас қурғонни ҳали англаб етмаган ёшларга топшираяпмиз. Ҳали на жисмоний ва на маънавий-маърифий жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлмаган коллежу мактаб ёшидаги қизгина қандай қилиб рўзғор «борди-келди»ларига тушунадию қандай қилиб, ўзи бола бўла туриб, бола тарбиялайди? Оқибатда, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг минг бир ташвиши олдида ожиз қолган бу ғўргина жувон уни папалаб ўстирган ўз оиласи бағридаги шарт-шароитни қўмсайверади, ортга қайтгиси келаверади. Ёки бўлмаса қайнона-келин, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро келишмовчиликларни деб фарзандалиримизни бахтли болаликдан, оила меҳридан жудо қилишимиз учун арзирли сабаб бўлармикан? Бундай саволларга ким жавоб беради? Бундай салбий ҳолатларни бартараф этишда ким масъул? –деган саволларга жавоб яқинда муҳтарам Президентимизнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида ўз тасдиғини топди.
Жумладан юртбошимиз “Маҳалла, оила, кенг жамоатчилик, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ана шу муаммоларни биргаликда ечмасак, четдан келиб ҳеч ким уларни ҳал қилиб бермайди. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота-ҳам она”, деган мақолнинг ҳақиқий маъносини англайдиган вақт келди. Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик.”
Хулоса ўрнида буюк адибимиз Фитратнинг ушбу сўзларини келтиришни жоиз деб билдик: “Ҳар бир оиланинг саодати ва иззати шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлик. Тинчлик ва тотувлик эса миллат оилаларининг интизомига таянади, мамлакат ва миллатлар ҳам шунча кучли бўлади. Агарда бир мамлакатнинг аҳолиси аҳлоқсиз ва жохиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йул қуйса шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади”.
Зеро, оила нақадар муқаддас уни авайлаб асраш ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифадир.

Болтаев Шермуҳаммад
Хазорасп тумани Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *