Ота-онангни ҳурсанд қил

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам ота онага яхшилик қилиш буюрилган. Уламоларимиз динимизда буюрилган амалларда бандалар учун албатта манфаатлар бордир, деганлар. Яъни, динимизда қайси бир ишни қилишга буйруқ келган бўлса, ўша ишни бажарган киши албатта ундан манфаат олади.  Демак уламоларимизнинг сўзларига кўра ота-онасига яхшилик қилган фарзанд бу ишидан албатта манфаат олади. Шу маънода ота-онасига яхшилик қилган фарзанд қуйидаги улуғ манфаатларга эришади:

 Ота-онасига яхшилик қилиш туфайли фарзанднинг бошига тушган кулфатлари аритилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун ҳалокатдан қутулиш воситаси экани ҳақида шундай деганлар:

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Уч нафар киши кетиб боришарди. Ёмғирда қолишиб тоғдаги бир ғорга кириб олдилар. Шу пайт тоғдан бир қоя тош улар яширинган ғорнинг оғзига қулаб тушиб уларни ичкарига бекитиб қўйди. Шунда улар бир-бирларига: — Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингни ўйлаб кўринглар, ўшаларни восита қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шояд Аллоҳ сизлардан буни аритса, дейишди. Улардан бири шундай деди: — эй Аллоҳим, менинг ёшлари улғайган кекса ота онам, аёлим ҳамда ёш болаларим бор эди. Чўпонлик қилиб уларга озуқа келтирар эдим. Қачон молларни яйловдан қайтариб келсам сут соғиб олар ва болаларимдан олдин ота онамга сут берар эдим. Бир куни узоқдаги дарахтларга кетиб қолибман. Уйга кеч қайтдим, келганимда ота онам ухлаб қолишган эди. Одатдагидек сут соғиб олдим. Сут идишни олиб келиб уларнинг бошларида турдим. Уларни уйқуларидан уйғотишни хоҳламадим, улардан олдин болаларимга сут беришни ҳам истамадим. Болаларим оёқларим олдида йиғлаб туришарди. Мен ҳам, улар ҳам шу ҳолатда то тонг отгунча турган эдик. Агар ўша ишимни Сенинг розилигингни истаб қилганимни  билсанг бундан бизга бир тешик очгин ундан самони кўрайлик. Аллоҳ ундан бир тешик очди, улар у тешикдан самони кўрдилар. Муслим ривояти.

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг гуноҳи кабираларига каффорот бўлади.  Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг ризқи кенг ва умри узун бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва асаллам ота онага яхшилик қилишнинг мукофоти қанчалар катта бўлиши ҳақида шундай деганлар:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ким Аллоҳ таоло унинг умрини узун, ризқини зиёда қилишини яхши кўрса, ота онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин. Байҳақий ривояти.

 Ота-онанинг дуосини олиш фарзанднинг дунё ва охирати обод бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандни отасининг хайрли дуосини олишга ундаб шундай деганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: учта дуо мустажобдир улар(нинг ижобат бўлиши)да бирор шак йўқдир. Отанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси. Абу Давуд ривояти.

Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи, у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида : » Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», деди. Ана ўшаларнинг энг яхши амалларини қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир .

Ушбу улуғ мукофотларга динимизда буюрилганидек ота-онага яхшилик қилиш орқали эришилади. Шунга кўра ота-онага яхшилик қилиш аслида фарзанднинг ўзи учун улкан саодат ҳисобланади. Шу маънода айтиш мумкинки, динимиз таълимотлари фарзандларни ота-оналарига яхшилик қилишга буюриш орқали барчани ана шу бахту саодатга чорлаб туради:

Абдулқодир Абдур РаҳимФарзанднинг хаётига сабаб бўладиган биринчи қувват она жисмидаги қондир. Она фарзандини тўққиз ой, тўққиз кун қорнида кўтариб юради, ўлим ёқасига келиб уни дунёга келтиради, икки йил эмизади, тунлари уйқусини хиром қилиб боласи ёнида парвона  бўлади.

Шунинг учун ҳам онанинг фарзандига хизмати кўпроқ. Унинг биринчи сўзини она эшитади, биринчи кулишини она  кўради, онанинг ёрдамида биринчи қадамини қўяди. Улғайгандан кейин ҳам сирларини аввало онага айтиб маслахат сўрайди. Она ҳар дойим фарзандига жонини фидо қилишга таёр туради. Бахтимизга Онажонларимиз соғ-саломат бўлисин.

Шерниязова Гулбахор

Хазорасп тумани “Алоқа кўл” маҳалла отинойиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *