Ҳусни хулқ ва чиройли муомала – динимиз талаби

Динимиз ҳусни хулқни, ҳуш муомалали, ўзаро мехр оқибат, катталарга иззат-хурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.

  Ҳусни хулқли киши деб – очиқ юзли, чиройли муомалали, кечиримли, оғир – босиқ, ўзгаларга фойдаси тегадиган, беозор, ҳаёли, ғазабини жиловлай олган, ростгўй ва шу каби яхши хислатларни ўзида мужассам қилган кишига айтилади.

  Гўзал хулқ – қиёмат куни мезонни оғир бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:

  “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон

 кўрур”, (Имом Термизий ривоятлари).

  Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозисида яхшил амаллари оғир келиб, жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак.

  Хусусан, ҳозирги пайтда ҳусни хулқ мавзусига ижтимоий тармоқлардаги мулоқотларимизга ҳам жуда муҳтожмиз. Айниқса, айрим ёшлар ҳаётда ўзларини одобли тутсаларда, ижтимоий тармоқларда мутлақо ўзгача хулқда бўлишлари ачинарли ҳол. Ўзаро ёзишма ва мулоқатларда бировларни ҳақорат қилиш, камситиш, инсонларни ғийбат қилиш, обрўсизлантириш оддий ҳолга айланмоқда. Аслида, шариатимизга кўра “Ёзилган сўз – айтилган гап билан баробар” деган қоида бор. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир гап сўзини ўйлаб ёзиши, ғийбат бўҳтон ҳамда ўзгаларга қўполлик ва зулмдан жуда эхтиёт бўлиши зарур. Шунингдек, киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар. “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.

   Демак ҳусни хулқ, кишида ўз-ўзидан шакилланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли бўлмиш, устоз мураббийлардан илм олиш, одоб ахлоқларини ўрганиш билан хосил бўлар экан. Ушбу хислат ўтган солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариатимизда гўзал ахлоқли бўлишга тарғиб қилинган  бўлиб, ҳар бир инсон хулқ атворини чиройли қилишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, инсон чиройли хулқ сабабли дунё ва охиратда юқори даражаларга етади.

М.Қаландаров

Ҳазорасп тумани “Саид Боғдод” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *