Интернетнинг фойда ва зарарлари

Биз шундай замонда яшаяпмизки, бирор кунимизни интернетсиз ўтказа олмаймиз. Бир кун кирмасак, худди бирор нарсамизни йўқотиб қўйгандекмиз. Кимдир янгилик олиш мақсадида, кимдир ахборот улашиш мақсадида, кимдир илм олиш мақсадида, кимдир ўйин ўйнаш мақсадида, кимдир беҳаёликлардан нафсини қондириш мақсадида, кимдир шунчаки, бекорчиликдан вақтини ўтказиш мақсадида, кимдир кино кўриш мақсадида, кимдир керакли дастурларни юклаш мақсадида, кимдир бойлик орттириш мақсадида, кимдир кимнидир алдаш мақсадида, кимдир бизнесини ривожлантириш мақсадида, кимдир нимадир сотиб олиш мақсадида интернетдан фойдаланади …

Эҳ-ҳе, рўйхатни яна ҳам давом эттириш мумкин. Ушбулар орасидан ўзингизни топдингизми? Сиз нима мақсадда интернетдан фойдаланасиз? Мақсадингизни аниқ қўйганмисиз? Шу мақсадингиз ўзингиз ё оилангиз фойдасигами, жамият ривожи, ватанимиз равнақи учун ҳисса қўшадими? Шу мақсадингиздан оғишмай ҳар доим собитқадам юра оласизми? Интернетдаги мафтункор фитналарга чалғиб қолмайсизми? Ундаги кўзга кўринмас хуружлардан етарли даражада ҳимояланганмисиз? Ҳар бир қилаётган ишингиздан Аллоҳ гувоҳлиги-ю, фаришталар амалларингизни ёзувга тушираётганини ҳар доим ҳам ҳис қиласизми?

Интернетни шамолга қиёслаш мумкин. Деразани очиб қўйсангиз, тоза ҳаво киради. Шу билан бирга, чанг тўзон ҳам, турли ҳашаротлар ҳам кириб олиши шубҳадан холи эмас. Ундан нимани ахтарсангиз, топишингиз мумкин, фақат шуниси борки, топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими, зарарсиз эканини билиш учун инсонга онг ва тафаккур, билиму маърифат керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган кўплаб маълумот-хабарларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади.

Интернет хуружлари ҳақида гапирганда, энг аввало ғоявий, мафкуравий, ахборий, психологик, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий хуружларни эслаш лозим. Чунки ХХI аср ахборот асридир. Биргина ахборот (ёлғон, бузғунчи ёки тузоқли) билан бутун бир давлат ичида ёки халқлар, миллатлар орасида, кишилар орасида ёҳуд давлатлараро, қитъалараро турли низолар, келишмовчиликлар, турли фитналар, ҳатто қонли урушлар келтириб чиқариш мумкин.

Биз ҳар биримиз ушбу турли фитналарга алданиб қолмаслигимиз учун ўзимизда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантиришимиз, турли фитналарга қарши ғоявий иммунитетимизни мустаҳкамлашимиз даркор, акс ҳолда биринчи қарашда ҳеч қандай таҳдид йўқдек кўринган мафтункор сайтлар, рекламалар, блогларга кириб қолиб, қўрқинчли оқибатлар юзага келиб қолиши мумкин.

Хулоса шуки, интернет бу жоҳил учун жаҳолат, жиноятчи учун жиноят, зоний учун зино, судхўр учун рибо, ўғри учун ўғрилик, тўғри учун тўғрилик, толиби илм учун илм, олим учун зиё, золим учун зулм,  адашган учун разолат, мунажжим учун башорат манбаидир. Хулоса чиқариш ўзингиздан.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *