Ислом яхшилик динидир. У доимо кишиларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради. Кишиларни инсонийликка чақириб, разолатни рад этади. Одоб-ахлоқ, руҳий-маънавий поклик ва равнаққа чорлайди. Шунингдек, ҳалол ишлашга, ҳаётни гўзал ўтказишга ундайди.
Тарихдан маълумки, тўйлар ва маросимлар ҳақида турли даврларда ҳар хил гаплар айтилган. Чунки ҳар бир даврнинг ўз тошу тарозиси бор. Истиқлол деган тотли неъматга эришган ҳозирги давримизда бундай маросимларни тартибли, ихчам ва исрофсиз ўтказиш, миллий қадриятларимизга риоя этиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Кимки уйланса, диёнатининг ярмини мустаҳкамлаган бўлади ва қолган ярмини ўзи эҳтиёт қилсин», деганлар. Яратганга шукрким, халқимиз замонлар ўта мана шу ўгитга амал қилиб, фарзандларини вақтида уйлантириш ёки турмушга беришдек шариат кўрсатмасига биноан ҳаёт кечириб келмоқда. Аммо шу тўй-маъракаларимизни исрофгарчиликсиз ўтказсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Исрофгарлар шайтоннинг биродаридирлар», деб огоҳлантиради.
Шариатимиз мусулмонларга ҳаргиз оғирликни раво кўрмайди. Қуръони Каримда ҳам айтилган: «Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади» ва яна: «Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди». Бу каби оятлар мусулмонларнинг маросим қилишлари учун айтилган илоҳий бир қонундир.
Исрофгарчилик, дабдабабозлик ва шуҳратпарастлик ҳақида муборак китобимиз Қуръони Каримда аниқ-равшан қилиб яна бундай ёзиб қўйилган: «Агар шукр қилсангизлар, (ато этган неъматларимни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрлик қилсангизлар, азобим жуда қаттиқдир».
Биз ўзимизни Аллоҳнинг бандалари ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари деб билсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда ҳаётимизда исрофнинг барча турига чек қўйишимиз лозим.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида: „Хоҳ бойликда, хоҳ фақирликда, хоҳ ибодатда бўлсин, ўртаҳол бўлиш қандай ҳам чиройли”; «Тадбиркорлик тирикчиликнинг ярим илмига тенгдир», деганлар.
Тадбир – ақл-идрок, билим ва тажрибага суянган ҳолда тўғри, оқилона иш юритиш, демакдир. Инсон тадбир ила ўзи, оиласи ва қариндошларининг, ҳатто жамиятининг келгуси ҳаётий режаларини пухта белгилаши мумкин. Иқтисодий соҳада эса, тадбир беҳуда исрофдан сақланиш, сарф-харажатларни камайтириб, тежамкорлик қоидаларига риоя этишдир.
Барчаларимизга маълум бўлмоқдаки исрофгарчилик якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам ўта зарарли ижтимоий иллат экан. Унинг зарари бу дунё билан чегараланиб қолмай, охиратга ҳам ўтар экан.
Шунинг учун исрофгарчиликка қарши биргаликда курашишимиз ҳамда якка ҳолда оила даврасида ва жамият билан бирга исрофга қарши туриш бурчимиз эканини англаб етишимиз ҳамда унга амал қилишимиз лозимдир.
Л.Хўжаев
Қўшкўпир тумани “Зайтун бобо” масжиди имом-хатиби