Ислом динида инсон қадри

Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратган. Ҳатто фаришталарини ҳам ҳазрати Одам алайҳиссаломга таъзим қилишга буюрган. Аллоҳ таоло одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиш билан бирга, барча мавжудотларни инсон манфаатига хизмат қилдириб қўйган. Қуёш айнан инсонни иситиб, ер юзида ҳаётни таъминлаш учун нур сочса, тунда инсонлар учун ой зиё сочади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Cўнгpa, Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб мукаррам қилди. Ўз рухидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам, инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло, яна, одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа хамма махлуқотлардан устун туради. У, Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳий туширади. Одамлар ичидан Пайғамбар танлаб олади. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади. Шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.

Аллох таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун- қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илхом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида харакатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб саноғига етиб булмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сонсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

Яъни, одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарлиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади. Аллоҳ таола яна Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади:

яъни: “(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!” (Луқмон сураси 20-оят). Аллоҳ таоло инсонларга осмондаги барча нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйган. Осмонларда нимаики мавжуд бўлса: ҳавоми, қуёшми, ойми, юлдузми, ёмғирми, қорми, қушми ёки бошқа нарсаларми, ҳеч бири ҳеч нарса талаб қилмасдан, инсон учун хизмат қилади. Бу беминнат хизматларнинг кўпини инсон билмайди ҳам. Агар уша хизматлардан бирортасига ҳақ сўралганида эди, мисол учун, қуёш таратаётган текин нур пуллик қилиб қўйилганида эди, инсон ўзи учун Аллоҳ қанчалар неъматларини беминнат ато этганини, уларнинг қиймати қанчалик баланд эканини англаб етган бўлар эди. Лекин Аллоҳ бундай қилмади, инсонга ақл берди, ақл билан бу неъматни танисин, деди. Пайғамбарлар юборди, улар одамларга Аллоҳнинг беминнат неъматларини танитиб, шукр қилишга чақирдилар. Китоблар нозил қилди ва ҳаказо. Шунингдек, Аллоҳ таоло ердаги мавжудотларни ҳам инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйган. Ернинг ўзи ҳам, ундаги барча жамодот, наботот, ҳайвонот ҳам инсон учун беминнат хизматкордир, Аллоҳнинг унга кўрсатган марҳаматидир.

Ха, Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган неъматлари жуда кўп, уларнинг зоҳирийси (ошкораси) ҳам бор, ботинийси (пинхонаси) ҳам бор. Баъзиларини инсоннинг ўзи билиб, хис қилади. Баъзиларини эса, билмайди, хис ҳам қилмайди. Инсон Аллоҳ берган неъматлар билан тирик ўша неъматлар билан кун кўради. Шунинг учун ҳам, ўша неъматларни унга ато этган Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унга ибодат қилиб яшамоғи лозим. Бу унинг бурчи. Шундагина инсон ўзига берилган неъматларга шукр қилган бўлади.

Лекин, афсуски, одамларнинг орасида бу неъматларни билмайдиганлари ҳам бор.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло инсониятни қанчалар азизу мукаррам қилиб яратган бўлса, одамизот шу қадр қимматини сақлаши, Роббиси уни нима учун яратганини мулоҳаза қилиб, Унга ибодат қилиши ҳамда ер юзини обод қилиши лозим. Бунинг учун эса, Аллоҳ таолони таниши, У Зот буюрганидек ҳаёт кечириши, ўзи учун керакли бўлган фойдали илмларни эгаллаши керак.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни оқибатимизни хайрли қилсин, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айласин!

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.