Ислом мўътадил дин

Ислом дини ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти ва жамиятда тинч тотув ва фаравон ҳаёт кечириши, дунё ва охират саодатига етиши учун хизмат қилади. Бу йўлда динимизнинг ўзига хос фарзлари, асослари ва қоидалари бўлиб, шулар ичида динда мўътадил бўлиш муҳим аҳамият касб этади.

   Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат, яъни энг яхши уммат қилган. Улар одамларни яхшиликка буюриши ва ёмонликдан қайтаришини мақтаб зикр қилган. Бу ҳақда Қуръни каримда шундай марҳамат қилинади:

   “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз…”  (Оли Имрон, 110).

   Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ҳам мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай деганлар:

   “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади”, дедилар (Имом Бухорий).

Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.

   Ислом мўътадилликнинг зидди бўлган, ҳаддан ошиш, динда ғулувга кетишни кескин қоралайди. Бугунги кунда “Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Ислом дини эса, ўн беш асрдирки инсонларни қўрқитиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш ва бировга озор беришдан қайтаради. Террор дастидан минг-минглаб беайб одамлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон-саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмоқда.

   Ислом динига экстремизм ва терроризм ётдир. Чунки динимизнинг асосларидан бири мўмин-мусулмон ўзгага қўли билан ҳам, тили билан ҳам озор бермасликдир. Экстремизим ва терроризм эса ўзгаларга зўравонлик қилиш, қўрқитиш ва озор беришдир. Бу эса зулумдан бошқа нарса эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:    “Ҳеч бир мусулмон бошқа мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”  (Имом Абу Довуд).

   Саҳобалардан бирлари Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, қайси мусулмон афзал саналади?” – деб сўради. Шунда У зот:     “Ҳақиқий мусулмон мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийган кимсадир”, деб жавоб бердилар   (Муттафақун алайҳ).

   Уламоларимиз:  “Ислом-ҳаддан ошиш ва сусткашлик ўртасидадир” дейдилар.  Яъни динимизда шаръий кўрсатмаларига амал қилишда ҳаддан ошиш, ғулувга кетиш ҳам тўғри эмас. Шунингдек, уларга буткул амал қилмай, сусткашлик қилиб ташлаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Балки динимизда ҳар иккиси ўртасида мўътадил йўл тутилади. Ушбу олтин ўрталикни топиш Қуръони карим ва суннат набавиядан олинган пухта ва тўғри илм бўлиши лозим. Бу хусусда мурожаат қилинадиган манба-бу, умматнинг уламоларидирлар. Зеро бу диннинг ишончли ҳимоячилари ва илмни ўзларидан кейингиларга етказиб бергувчилари ана шу шахслардир. Ана шу кишилар ҳидоятнинг пешволари, зулматни ёритгувчи чироқларидирки, илм улар орқали кенг тарқалади, жаҳолат улар сабабли завол топади. Шунинг учун Аллоҳ таоло:

   “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз” (Наҳл, 43), дея ўзимизга қоронғу бўлган масалалар ва бошимизга тушган бахтсизликлар ҳақида уларга мурожаат қилишимизга буюради.

   Хулоса қилиб айтганда Ислом дини инсонни икки дунёда ҳам саодатли бўлишини кафолатлайди. Ислом — инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қиладиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилгандир. Диндаги мўътадиллик эътиқод, амал, илм ва ахлоқда Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзларини маҳкам ушлаш билангина юзага чиқади.

  Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.