Фарзандларимизни ҳизбут таҳрир фитнасидан асрайлик

“Ҳизбут-таҳрир” ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда фикр юритиб, содда ва илмсиз мусулмонларни адаштиради.

“Ҳизбут-таҳрир” ўз ақидасида асосан ислом тарихида адашган фирқалар дея танилмиш “мўта­зила” ва “қадария” тоифаларининг фосид қоидалари ва фикрларига таянади.

“Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ўз раҳба­рияти тўғрисида фақат “ҳусни зонн”, яъни чиройли гумон қилаверишлари оқибатида – уларни хатодан маъсумлик даражасига чиқариб қўядилар. Уларга бўлган ҳурматни “шахсга сиғиниш” даражасига кўтарадилар.

“Ҳизбут-таҳрир” уламолари Қуръон ва суннат­ни ўз хато ақидаларига мувофиқлаштиришни истайдилар. Бошқача тушунтирсак, улар Қуръони карим ва Саҳиҳ суннат йўлига юриш ўрнига, Қуръони карим билан Саҳиҳ суннатни ўзларининг йўлларига, мазҳабларига юргазишни хоҳлайдилар.

Улар Қуръон оятлари тафсирида ҳамда ҳадислар шарҳида шундай ғайриоддий таъвилот ва мулоҳаза­лар келтирадиларки, аслида, айни матнларнинг муроди тамоман бошқа нарса бўлиб, гоҳида ҳатто булар айтганининг акси назарда тутилган бўлади.

“Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг­лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар. Маълумки бугунги кунда адашган ва бошқаларни ҳам адаштираётган тоифалар ва гуруҳлар Ислом дини номидан фаолият олиб бормоқда. Буларнинг бундай ғаразли мақсадларга йўғирилган харакатлари бутун мусулмонларга зарар қилаяпди десак адашмаган бўламиз. Анашундай адашган ва мусулмонларга зиён етказаётган оқимлардан бири

«ҲИЗБУТ ТАҲРИР» (тўлиқ номи «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» — «Ислом озодлик партияси») — сиёсийлашган диний ташкилот (оқим). Фаластинда Тақиюддин Набҳоний (1909—1979) йилларда асос солган.У«Мусулмон биродарлар»гуруҳининг Фаластин бўлинмасида фаолият юритиб, 1953 йил маслакдошлари билан мазкур бўлинма аъзоларини янги диний-сиёсий партия — «Ҳизбут таҳрир»га бирлаштирган. «Ҳизбут таҳрир» таълимоти Тақиюддин Набҳоний ва унинг издоши Абдул Қадим Заллумнинг «Ислом низоми», «Ислом давлати», «Халифалик», «Исломий оламга қайноқ нидолар», «Ҳизбут таҳрирнинг тушунчалари», «Демократия — куфр низоми» ва «Сиёсий онг» каби китобларида баён этилган. Уларда дунёвий давлат тамойиллари қораланган, демократия, конституция, сайлов каби сиёсий тартибқоидалар инкор қилинган ҳамда диний мутаассиблик ғояларини тарғиб қилиш, сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш йўллари ифода этилган.

Набҳоний даставвал мақсад сифатида Фаластинда шариат асосидаги давлат қуришни эътироф этган. Кейинчалик эса у партиянинг асосий мақсади — мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш, деб эълон қилди. «Ҳизбут таҳрир» фаолияти 1950—60 й. ларда Яқин Шарқда, 1970—80 й. ларда Жан. Осиёда, 1990-йилларда Марказий Осиёда ва МДҲга аъзо бўлган баъзи мамлакатларга тарқалди. Ташкилот Ғарбий Европадаги бир неча мамлакатларда ҳам ўз бўлинмаларига эга. Маълумотларга кўра, ташкилотнинг Буюк Британияда жойлашган бўлинмаси мувофиқлаштирувчи марказ вазифасини бажаради.

«Ҳизбут таҳрир.» ташкилоти сиёсий ғаразларини Қуръон ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиш орқали оқлашга уринади. Шунинг учун ислом дунёсининг таниқли диний намояндалари, жумладан, Саудия Арабистонининг собиқ бош муфтийси, марҳум шайх Бин Боз, Юсуф Қарзовий (Қатар) «Ҳизбут таҳрир» ни «исломни бузувчи» ташкилот сифатида баҳолаганлар. Марказий Осиёнинг етук уламолари Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бошқа ўз чиқишларида «Ҳизбут таҳрир» иддаоларини рад этганлар.

Дунёдаги кўзга кўринган уламолар «Ҳизбут таҳрир»нинг ислом умматига келтирганчалик зарарини бошқа ҳеч бир ташкилот келтирмаган дейишган.

Чунки уларнинг ғоявий даъватлари сабабли кўпгина ёшлар ёш умрини ҳазон қилиб қамалиб кетишди. Улар ислом умматининг бирлигига рахна солишди. Тафриқа ва гурухбозлик келтириб чиқариб уммат ичида фитнага сабаб бўлишди.

Бу оқим ўз мақсадларини фақат ғоявий курашдан иборат деб оқламоқчи бўлишади лекин бу оқим аъзолари тарафидан қилинган қўпорувчилик харакатлари бунинг аксини кўрсатиб турибди.

            1989 йил АҚШнинг Миссури штатида «Мусулмон талабаларнинг байналмилал алоқалари» номи остида ўтган анжуманда «Ҳизбут таҳрир» вакили «мусулмон бўлмаган ҳукуматларга қуролли жиҳод эълон қилиш зарур», деган мазмунда маъруза қилган. Ушбу маъруза бир неча тилларда «Ҳизбут таҳрир» аъзоларига тарқатилган. Ташкилотнинг «ал-Ваъй» («Онг») жур. да ҳам диний мутаассиблик ва экстремизм руҳидаги мақолалар мунтазам бериб борилади. Хусусан, жур. нинг 2001 йил июнь, 170-сонида халифалик қуриш йўлида барча воситаларни қўллаш, жумладан, қотиллик қилиш оқланган ҳамда бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлувчи террорчи-ҳудкуш (камикадзе) лар «шаҳидлар» қаторига киритилган.

«Ҳизбут таҳрир» аъзолари қатор мусулмон мамлакатларида қуролли хуружларни амалга оширганлар. Бундай амалиёт 1960 — 1970 йилларда Иорданияда, 1974 йил Мисрда, 1999 йил Ливанда кузатилган. 2000 йил Сурия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳукуматга қарши қуролли ғалаён кўтаришга ҳозирлик кўрган 800 нафар «Ҳизбут таҳрир» аъзосини қўлга олган. 2002 йил Филиппинда қўлга олинган «Ҳизбут таҳрир»га мансуб шахслардан кўп миқдорда портловчи моддалар ва ўқотар қуроллар топилган. 2003 й. апр. ойида Исроилнинг Тель-Авив ш. даги кафеларнинг бирида «Ҳизбут таҳрир»нинг Буюк Британиядаги бўлинмаси аъзоси Умар Шариф ва «ал-Муҳожир» экстремистик гуруҳи вакили Осиф Ҳаниф ўзларини портлатиб юборишлари натижасида кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юмган. «Ҳизбут таҳрир» вакилларининг 2004 йил март-апрель ойларида Тошкент ва Бухорода, июль ойида Тошкентда амалга оширилган террорчилик хуружида иштирок этганлиги суд жараёнларида ўз тасдиғини топди.

Кўриб турганингиздек «Ҳизбут таҳрир» ўзи билиб ёки билмаган ҳолда инсонлар ичида Ислом дини ва мусулмонларга нисбатан салбий фикирлар уйғонишига сабаб бўлмоқда. Динимизда эса  “Мусулмон унунг қўлидан ва тилидан мусулмонлар сломат бўладиган яни зарар кўрмайдиган киши” дейилган ҳадиси шарифда.

Ҳулоса қиладиган бўлсак «Ҳизбут таҳрир» каби оқим ва гуруҳлар ўзларининг бузуқ мақсадлари ва харакатлари билан мусулмонларга зарар бермоқда. Мусулмонларнинг имом ва олимларини ёмонотлиқ қилиш орқали бу уммат бирлигини парчалашга уринаётган дин душманларига ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда ёрдам бермоқдалар.

Х.Матяқубов

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.