МУСУЛМОН ЎЗ ИНИСИГА ЗУЛМ ҚИЛМАЙДИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бировга зулм қилишлик ва зўровонлик катта гунох эканлигини тасдиклайдиган кўплаб оятларни нозил қилди. Ҳаттоки, ўз нафсларига ва бошкаларга зулм килган қавмларнинг окибатлари қандай тугаганини инсонларга ибрат бўлиши учун гўзал услубда баён этган. Бу билан ер юзида инсонларнинг молу жонига азият етказаётган, уларнинг тинчлигини бузаётган инсонларни огоҳлантириб, бундай зулмлардан инсониятни қайтарди. Аллоҳ таоло: «Уларга ўзларидан олдин ўтганларнинг, Нуҳ, Од, Самуд қавмининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян эгаларининг ва тўнтарилган(қишлоқ)ларнинг хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди. Лекин улар ўзларига зулм қилар эдилар,» ( Тавба сураси 70-оят)деди.

Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари келтирган очик хакикатлардан юз бурган, ботилни хакдан устун қўйган қавмларга бу дунёда ҳам азоб борлигини билдириб, Аъроф сурасида: «Бас, улардан зулм қилганлари уларга айтилгандан ўзга гапни алмаштирдилар. Бас, зулм қилганлари туфайли устларига осмондан азоб юбордик,»(162-оят)дейди. Аксарият ҳолларда Аллоҳ таолога ва унинг элчиларига итоатсизлик, дунёнинг зийнатларига хаддан зиёда муҳаббат ва мутакаббарлик туфайли содир этилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, молингизни мақтаб баҳосини оширмангиз, бир-бирингизни ёмон кўрмангиз, узилишиб кетмангиз, бирингиз иккинчингизнинг савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлингиз. Мусулмон — мусулмоннинг биродари. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, таҳқирламайди. Тақво мана бу ердадир”. Уч марта шундай деб кўкракларига ишора қилдилар. “Инсоннинг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўси икинчи мусулмон учун ҳаромдир” (Муслим ривояти), деб марҳамат этганлар.

Амал қилинса бахту саодатга элтувчи бундай насиҳатлар инсонларни ораларидаги муносабатларини мустаҳкамлаб, эзгуликка интилувчан бўлишларини таъминлайди. Самимият, меҳрибонлик, ғамхўрлик каби инсоний хулқлар билан тарбиялайди.

Жундуб Бажалий розияллоҳу анҳу бундай деган эдилар: «Агар бир мусулмон биродарининг қонини тўккан бўлса, у қон бир ҳовуч бўлса ҳам, унинг жаннатга

киришига йўл қўймайди. Киши қайси эшикдан кирмоқчи бўлса, олдига ўтиб уни қайтаради. Шуни ҳам билингки, киши ўлиб тупроққа кўмилганидан сўнг вужуди илк ҳидланадиган жойи қорнидир. Шундай экан, қорнингизни ҳаромдан асранг ва бошқанинг жонига қасд этишдан сақланинг» («Ал-Канз», Байхакий «Шуабул иймон» дан).

Ҳозир дунёнинг баъзи минтакаларида содир этилаётган зўравонликлар, ноҳак қон тўкишлар, тинчгина яшаб турган аҳолини ўз она юртларини тарк этишларига сабаб бўлмокда. Ота боболаримизнинг: «Бир кун жанжал бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади», деган сўзларига ҳикмат катта экан. Йиллар давомида жоҳил, зўровонлар томонидан олиб борилаётган бу ҳаракатлар оддий халқни сарсон ва саргардон қилди. Минглаб гўдаклар, аёллару, қариялар бу кузнинг ёмғирли кунларида кучаларда гирён қолишди. Неча асрлар давомида қанча машаққатлар билан бунёд қилинган шаҳару қишлоқлар вайрона бир кабристонга айлантирилди. Албатта Аллоҳ энг улуғ ҳакамдир. Золим бўлганларга гуноҳларига яраша азобни таёрлаб қўйгандир.

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, бугун она диёримизнинг осмони мусаффо, тинчликнинг баракотидан шаҳару қишлоқлар обод. Тинчлик бор жойда тараққиёт ва юксалиш бўлар экан, ҳозир биз ҳам шу неъматлардан баҳраманд бўлиб яшамоқдамиз. Бу неъматларни авайлаб асраш ва шукр қилишлик ҳар биримизнинг ҳам мусулмонлик ҳам фуқаролик бурчимиздир.

Бобожонов А

Гурлан тумани Усмон Саид бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *