Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларини ато қилган. Мол-дунё ҳам улуғ неъматлардан. Инсоннинг ҳаёти у билан бардавом бўлади. Ислом дини инсонларни поклик, иффат, ҳалоллик каби улуғ фазилатларга чорлайди. Шунинг баробарида қимор, судхўрлик, ичкилик, зино ва бошқа нопок ишлардан қайтаради. Мол-дунё бандага берилган омонат ҳамдир. Кимда-ким топаётган мол-дунёсига эътиборли бўлиб, уни ўз жойига сарф этса, неъматга шукр келтирган ва омонатга вафо қилган бўлади. Аксинча бўлганда эса инсон ношукр ва хиёнаткорга айланиб қолади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
яъни: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир” (Каҳф сураси, 46-оят).
Бошқа ояти каримада эса шундай деган:
яъни: “Билиб қўйингизки, албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитнадир” (Анфол сураси, 28-оят).
Икки оят зоҳиран ўзаро зидга ўхшаб кўринсада, аслида бир-бирини тўлдиради. Биринчи оятга кўра, ким молини ҳалолдан топиб, уни ҳалолга сарф этса ва фарзандларини чиройли тарбия қилса, мана шу мол-давлатию фарзандлари нафақат дунё ҳаётига, балки охират ҳаётига ҳам зийнат бўлади. Иккинчи оятга кўра, кимнинг топаётган мол-давлати ҳаромдан бўлса, фарзандларига чиройли тарбия бермаса, мана шу мол-давлат ва фарзандлар дунё ҳаётида фитна, охиратда эса оёғига тушов бўлади.
Минг афсуски, кейинги пайтларда айрим ижтимоий иллатлар, хусусан қимор ўйинлари авж олиб қолди. Айниқса, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг оммалашди.
Қимор луғатда “хатарли” деган маънони англатади. Истилоҳда эса камида икки томоннинг бирига хатар келтирадиган ҳар бир муомалага – қимор, дейилади. Шунга кўра, номи ўзгарсада ушбу таърифга тушган ҳар қандай нарса қимор ҳисобланади. Қимор ўйинлари – Қуръони карим, суннат ва уммат ижмоси билан ҳаромдир. Қимордан топилган молни ейишнинг гуноҳи жуда оғирдир. Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Қимор ўйнаш судхўрликдан олдин ҳаром қилинган.
Қимор ўйинлари, хусусан тотализатор ўйинлари аниқ математик ҳисоб-китобларга асосланган бўлади. Бу каби алдовдан иборат ўйинларда доимо уни ташкил этувчилар ютади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қимор ўйинлар қанчалик ҳаром бўлса, уни тарғиб қилиш, реклама қилиш ҳам шундай ҳаромдир. Ҳаром нарсани рекламасидан келган маблағ ҳалол эмас. Маълумотларга кўра, тотализатор билан шуғулланувчи компаниялар бутун дунёда маркетинг ва рекламага энг кўп маблағ сарф қиладиган ташкилотлардан бири ҳисобланади. Баъзи инсонлар қиморда хўрак сифатида ташланган арзимаган нарсани ютиб олиб, ҳаммага мақтаниб, ўзи билмаган ҳолда бу каби ўйинларни реклама қилади. Оқибатда минглаб инсонларни қиморга чорлаб, уларни қимор ўйинларида чув тушушига замин яратади.
Ижтимоий тармоқларда тототализаторга қилинаётган тарғиботлар – спортга тарғиб эмас, балки айни қиморга тарғиб ҳисобланади. Ислом шариати спорт билан шуғулланишга барча мусулмонларни рағбатлантирган, чақирган. Лекин қиморни ҳаром қилган.
Қиморнинг тиббий зарари. Тиббиёт олимларининг айтишича, қимор ўйнай-диган инсонларда оғир турдаги касалликлар кўп учрайди. Жумладан, доимий асабийлик, шизофрения (оғир руҳий касаллик), умидсизлик, ҳаддан ташқари ваҳима, ақл кетиши (мажнунлик) каби қатор ҳолатлар. Бундан ташқари, қимор ўйнаш сурункали оғир касалликларга, баъзан ўз жонига қасд қилишгача олиб боради.
Воқеълигимиздан айрим мисоллар келтирамиз: Яқинда ёш ўспирин тототализатор (қимор) қурбони бўлиб, 16 миллион сўм учун ўз жонига қасд қилган…
Бошқа бир ҳудудда 26 ёшли фуқаро интернетда қимор ўйинларини ўйнаб, 100 миллион сўмдан ортиқ қарзга ботган, сўнг холасининг хонадонига ўғирликка кириб, унинг ўғлини пичоқлаб ўлдирган…
Яна бир воқеада 17 ёшли ўспирин интернетда авж олган тототализаторда катта миқдорда пул ютқазиб, бошқалардан қарз бўлиб қолганлиги сабабли ўз жонига қасд қилган… Афсуски, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин!
Н.Шожонов
Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом-хатиби