Тўй ва маросимларда исрофгарчиликка йўл қўймайлик

 Ҳалқимизда оила муқаддас ва силаи раҳм мустаҳкамлиги туфайли элимиз бағрикенг, шунинг учун оила қураётган ёшлар учун тўйлар қилиб элга дастурхон ёзилади.  Ана шу меҳр оқибат ҳамжихатлик туйғулари тўйларимизда намаён бўлади.  Ҳар бир инсон ўз имкониятига қараб тўй ўтказишда қавму қариндошлари, қўни қўшнилари,  дўсти ёрларини тўйга айтиши кифоядир.

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.

Аллох таоло  Каломи шарифида   Ўзи суйган бандаларининг сифатлари орасида тежамкор бўлишни алохида зикр килади.  Улар Раҳмоннинг суюкли бандалари эҳсон қилганларида исроф ҳам хасислик ҳам қилмаслар тутган  йўллари бунинг ўртасида мутадилдир. Фуркон сураси 67-оят

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким тежамкорлик қилса Аллоҳ уни бой қилади, ким исроф қилса Аллоҳ уни фақир қилади, ким тавозе қилса Аллоҳ уни обрўсини кўтаради, ким зулм қилса Аллоҳ уни хор қилади  деганлар.

Бугунги кунда никоҳ тўйларини ўтказишда ҳам ҳаддан ошиш, исрофгарчиликка ружу қўйиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу борада ҳам шариатимизга амал қилиб, унда келган кўрсатмаларни ҳаётимизга тадбиқ этишимиз лозим. Сарвари коинот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида оддий ва содда тўйлар қилганликлари барчамизга маълум ва машҳур. Яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан мадина орасида уч кун турдилар ва Софийя бинт Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларни устига хурмо, қурут ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳласалар хозиргидан 10 баробар ошириб тошириб тўй қилган бўлар эдилар чунки у зотга тоғлар сизга олтин бўлиб берамиз деганларида у зоти шариф бош тортганлар.

Оилавий тадбирлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат молиявий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёш оилалар ўртасидаги ажралишлар аксарият ҳолларда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.

Миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз арконларига мутлақо зид бўлган бундай нохуш ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла ўртасида муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, бу борада, афсуски, ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти.

Тўй маросимларимиз ҳалқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этадиган одамларимиз ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр мурувват туйғуларини мустахкамлашга хизмат қиладиган бўлсин. Энг асосийси ёшларимиз бахтли, оилаларимиз тинч тотув, фарзандларимиз комил инсон бўлиб вояга етсинлар.Меҳрибон Парвардигор ҳаммамизга ўзи буюрган жаноби Пайғамбаримиз тавсия этган йўллардан юришни насиб қилсин.

Р.Қурбонбоева

Янгиариқ тумани «Остона» маҳалласи отинойиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *