Ҳалол тадбиркор – элга мададкор

Динимизда ҳалол касб қилишга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ҳамда жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган.  Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига итоат этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касбу кор қилишга амр қилиб шундай деган: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси 15-оят).

Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган бўлиб, ҳатто бу нарса фарз даражасига кўтарилгандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар. Мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлганда, Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам амал қилаётган шахс ҳисобланади. Зеро, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги пайтда ҳукуматимиз томонидан  тадбиркорларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол ризқ талабида бўлсак,  ўзимиз ва ўзгаларни фаровон ҳаёт кечиришлари ҳамда мусулмон кишини иш билан таъминлаш ва уни ҳожатини чиқаришга сабабчи бўламиз, иншааллоҳ.  Чунки, мусулмон биродарининг қалбига хурсанчилик киргизиш Аллоҳнинг наздидаги энг афзал ва суюкли амалдир.

Шуни унутмаслигимиз керакки, молу давлат берилган кимсаларнинг молларида камбағалларнинг ҳаққи бор. Ўша ҳақларни адо қилсалар уларга жаннат ваъда қилинган. Шундай экан, муҳтож кимсалар уларнинг олдига такрор-такрор боришларидан малолланмасинлар. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бошқа мусулмонларнинг ҳожатлари билан машғул бўлишлари учун уларга неъматлар ато қилгандир. Агар улар бу неъматнинг ҳаққини адо қилиб, ўз эгаларига топширсалар, Аллоҳ уларни неъмат ичра бардавом қилади ва барокатли қилади. Агар малоллансалар, Аллоҳ таоло улардан бу неъматини олиб қўяди, бошқа бандаларига беради. Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон, юртимиз тинч, Осмонимиз мусаффо бўлади. Аллоҳ таоло барча тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, ҳалолдан ризқ-рўз топишни насиб айлаб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин!

И.Султонов

Урганч тумани “Муоз ибн Жабал” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *