Оммавий маданиятнинг хатарлари!

        Интернет, компьютер, мобил алоқа воситалари бугуннинг катта ютуқларидан биридир.  Бу воситаларнинг  имкониятларидан  фойдаланиб дунёнинг исталган  нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан керакли маълумотларни олиш ёки жунатиш мумкин. Энг муҳими инсонларнинг билим ва савияларини ошишида буларни ўрни беқиёсдир. Интернет,компьютер инсонлар ҳаётига шунчалик даражада кириб келдики, ҳатто уларсиз ҳаётни тасаввур қила олмайдиган даражада, улардан бехабар инсон замондан орқада қолган ҳисобланадиган даражада.Хуллас интернет одамларни оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган, дунё ва охиратлари учун фойдали ва зарур бўлган маълумотлар оладиган манбага айланиб улгурди.

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғида фойдали маълумотлар билан бирга,кишини иймон ва эътиқодидан чалғитаган ғаразли маълумотлар, одоб-ахлоқни емирувчи, беҳаёликни тарғиб қилувчи  сайтлар, маданиятимизга зид бўлган “оломонча маданият”ни ёшлар онгига сингдиришга уринаётган ғоялар ҳам мавжуд.

Минг афсуски, ғўр ёшлар бу бузғунчилар тузоғига илинмоқда. Хўш, бу ёшларни бу таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун нима қилмоқ керак?! Интернет тармоғига киришдан тақиқлаб қўйиш керакми? Ундай бўлса замондан ва тараққиётдан  бошқа халқларга нисбатан орқада қоламизку! Қолаверса бутун дунёнинг ривожланган давлатлари, ақлли одамлари тармоқнинг имкониятларидан фойдаланиб  юксак ютуқларга эришмоқда, уларни олдида қалоқ, муътий-тобъийга айланиб қолмаймизми? Бу бизга асло тўғри келмайди, зеро ёшлар бизнинг келажагимиз,бор  умидимиздир. Бу таҳдидлардан, бу хатарлардан ҳимоя қилиш учун ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, яхшини  ёмондан, дўстни душмандан ажрата оладиган, иймон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида, ватанга муҳаббат руҳида тарбия бермоқлигимиз керак бўлади. Демак, биз ёшларни интернетдан эмас, унинг ёмонлик ва таҳдидларидан ҳимоя қилишимиз керак!

Интернет тармоғидаги, ғарб дунёси тарғиб қилаётган ахборот хуружларидан бири бу “оммавий маданият”дир. Аслида, бу маданият кушандаси, маданиятсизлик, ахлоқсизлик, беҳаёлик ва залолатдир. “Оммавий маданият”нинг одамларга келтирган зарари, ислом динини ниқоб қилиб олган террорчилар келтирган зараридан асло қолишмайди.

Демак биз ёшларимизни бу маданият кушандасидан асрашимиз учун нима қилмоқ керак?! Аввало, ёшларнинг тарбия ва одобларини назоратга олишимиз, уларнинг сўзлашув, кийиниш, ўзини тутиш маданиятини ўрганиб чиқиб шундан хулоса чиқаришимиз лозим. Фарзандларимизда бу иллатларга қарши курашадиган  қаршилик (иммунитет) ҳосил қилишимиз керак. Бунинг учун миллий ва диний қадриятларимиз бўлган; ватанни ва оилани қадрлаш, ота-онага ва яқинларга ҳурмат, мардлик, жасорат, садоқат ва ҳаё каби эзгу ғояларни уларни қалбларига сингдиришимиз лозим.   Ана шундагина биз фарзандларимизни  бу таҳдидлардан ҳимоя қила оламиз.Албатта биз фарзандларимиз тарбия ва одобларига бепарво бўлсак, уларнинг онги ва қалбига  миллий ва диний қадриятларимиз бўлган эзгу ғояларни сингдирмайдиган бўлсак, бу бўшлиқни бу жирканч маданият иллатлари эгаллаши муқаррардир. Зеро буюк адибимиз Абдулла Авлоний  ҳақли равишда: “Тарбия  биз   учун  ё  ҳаёт,   ё  мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё  саодат, ё фалокат  масаласидир деганлар.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *