Тинчлик – олий неъмат

   Инсонларга тинчлик-осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат йўқ. Юрт нотинч бўлса тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди. Низолар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан уруш чиқаришдан, бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган. Тинчликнинг қандай улуғ неъмат эканини тасаввур қилиш учун ҳар куни хотиржамлик билан иш ва бошқа юмушларга бориб келаётганимиз, фарзандларимизнинг хеч қандай хавф-хатарсиз ўқиш ва боғчага қатнаётганини мисол келтириш кифоя. Ҳақиқатан ҳам, дунёда энг қимматли, азиз ва бебаҳо неъмат, бу – тинчликдир. Уруш ва тинчлик, ноаҳиллик ва оқибат ўртасида еру осмонча фарқ бор.Инсоният тарихидан маълумки, ҳар бир давлат миллатига, фуқароларига, яратган маданий бойликларига, миллий урф-одатлари, анъаналарига буюк ҳурмат билан қараган ва уни авайлаб асраган. XXI асрга келиб, дунё манзараси ўзгарди. Бугунги замонда маънавий бойликларни сақлаб қолиш учун, аввало, қонли можороларга барҳам бериш, тинчлик ва тотувликни қарор топтириш, маданий мерос, осори-атиқалар, урф-одатларни асраб-авайлаш, дунё ҳалқларининг илм-фан ютуқларидан бирдек баҳраманд бўлишига эришмоқ керак.

Бунинг учун:

Озодлик, адолат ва демократия тамойилларига асосланган дўстона ва иттифоқ маданиятига эришиш;

Зўравонликни қайтарувчи ва турли низолар пайдо бўлганида, уни бартараф этишга чорлайдиган, муаммоларни мулоқот ва музокаралар йўли билан ҳал этувчи маданиятни таъминлаш;

Ўз жамиятининг ички ривожида унинг барча ҳуқуқини, ҳар кишининг тўла миқёсда бор имкониятларини амалга оширишда тўлиқ иштирокини таъминловчи маданиятга эришиш каби илғор ғояларни қўллаб-қувватлаш керак. Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри алоҳида қадрланади.

Донишмандларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шундай экан, тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз тўғри англашимиз керак. Тинчлик ва бахт ҳаммавақт бирга юради. Биз ҳам она Ўзбекистонимизда бахт ва фаровонликка эришмоқни истасак, бугунги дориломон ҳаёт, яшаш лаззати, ризқ-насиба неъмати, орзу-ҳавасларга эришмоқ имконидан унумли фойдаланиб, том маънода тинчлик неъматининг қадрига етайлик.

А.Абдушарипов

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *