Гиёҳвандлик – аср вабоси

26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни. Айни кунларда юртимиз бўйлаб кенг равишда “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик доирасида ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирлари яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини ушбу глобал муаммога қаратиш, унинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилади.

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Баъзилар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон, ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида : “… У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”, деб марҳамат қилади.

Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, дейилади. Яна бир бошқа ҳадисда: “Ҳар ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган.

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликларига, шунингдек, ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир-оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилишлик билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Ҳадиси шарифда “Ҳар ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша билан азоб берилади”, дейилади. Гиёвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга, у исрофгарчиликка киради. Бу моддаларни истеъмол қилишлик мол-дунё ва бойликни исроф бўлишига олиб келади.

Исроф эса Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан ҳаром қилинган бўлиб, у инсонни хор-зорликка элтади.

Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳвандлик кишилар қавму қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда учраб турган ҳақиқатдир.

Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳаром ҳисобланади. Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, бугун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши энг хатарли ва долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳфурушлар янги усул ва найрангларни қўллаб, заҳри қотилни сотиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда. Улар манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳали дунёқараши шаклланмаган, ўзгалар таъсирига тушиб қолишга мойил ёшлар умрига зомин бўлишмоқда.

       Энг ачинарлиси, гиёхвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига саббаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боисдан, гиёҳвандликка қарши қурашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида»ги, «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш туғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра «26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни» деб эълон қилинган.

Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

У.Бабажанов

Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *