Маълумки хар бир аҳамиятли нарсанинг шиори бор,Исломнинг шиорларидан бири эса Қурбон ҳайити байрамидир.Бу кунда мўмин мусулмонларнинг қалбига Аллоҳ таъоло ҳурсанлик ва ҳотиржамлик солади. Чунки бу кунда гуноҳлар мағфират қилинади,солиҳ амалларга савоблар кўпайтириб берилади.Қурбонлик кунида қурбонлик қилиш вожиб бўлган бой кишилар камбағаллар,етимлар ва мискинларнинг ҳолидан хабар олади.Натижада улар ўртасида бир бирига унс улфат пайдо бўлади.Аллоҳнинг фазли ила уларга ҳурсандлик ва фараҳ берилади.
Қурбонлик қилишда кишининг ўзи ва оила аъзоларига байрам кунида кенгчилик яратиш, ночор мусулмонлар орасида раҳм шафқат ва муҳаббат уруғларини экиш, қалбларга сурур ва шодлик олиб кириш каби бир қатор эзгу ишлар мужассамдир.
Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукрона, нафсни иллатлардан поклаш ҳамда банданинг Яратувчи амрига итоати ва тақвосининг кўринишидир. Шу сабабли Қуръони каримнинг Ҳаж сураси 37 – оятида: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” – деган кўрсатма бордир.
Кимга қурбонлик вожиб бўлса, унинг зиммасига қурбонлик қилиш зарур. Қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз.
Аллоҳ таоло айтади: “Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар 2 оят). Демак у кунда аввалги қилиниши лозим бўлган иш қурбон ҳайти намозини ўқиш экан.Ундан сўнг эса қурбонлик қилиш энг савобли ишлардан экан.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар” дедилар”(Ибн Можа, Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ёш, навқирон, бақувват жонворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот кўприги устидаги уловларингиздир”.
Қурбонликнинг ҳикмати ва фазилатлари ҳақида қанча гапириладиган бўлса, шунча оз. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
1. Қурбонлик – “қурбат”, яъни яқинлашиш сўзи билан ўзакдошдир. Бу билан биринчи ўринда Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш, унинг марҳаматига яқин бўлиш мақсад қилинади.
2. Бу – Аллоҳнинг шиорларини, У жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. “(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар)экан, бас, албатта бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят). Демак, қурбонлик қилиш қалблардаги тақво аломати экан. Зотан, қурбонликнинг гўштидан ҳам, қонидан ҳам Аллоҳга бирон-бир фойда йўқ. Балки, бу ўзимиз учун фойдадир.
3. Байрам кунида қурбонлик сўйиш хурсандчилик устига яна бир хурсандчиликдир. Бу инсоннинг ўзига ва аҳли оиласига кенгчилик яратиши учун василадир. Қўни-қўшни, хешу ақрабо ва ёру биродарларга икром қилиш, фақиру мискинларнинг, шикаста дил одамларнинг кўнгилларига шодлик олиб кириш учун энг яхши фурсатдир.
4. Тақвога эришиш. Аллоҳ таоло айтади: “Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки(шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур” (Ҳаж сураси, 37-оят).
5. Қурбонлик Аллоҳ таолога У Зот ато этган ҳисобсиз неъматлари учун шукр қилишнинг бир кўринишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бани башарга санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беадад неъматлар ато этди. Унга ҳаёт берди, хилқатини чиройли қилди, сиҳат-саломатлик берди, ҳис-туйғуларини баён этиши учун тил, ёруғ дунёни кўриши учун икки кўз, оқни қорадан ажратиши учун ақл берди. Бойлик, молу давлат берди. Иймону ислом неъматига муяссар этди. Буларнинг бари шукр қилишни вожиб қилувчи буюк неъматлардир. Қурбонлик ана шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир.
Аллоҳ таоло розилиги учун ва Унинг беҳисоб неъматларига шукроналик ҳиссининг рамзи ўлароқ қон чиқариш динимиз Ислом таълимотида буюк амаллардан саналади. Бу – қалбдаги тақводан, иймон нуридан далолатдир.
Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда.Мана шу файзу футуҳга яна ҳам файз қўшилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу улуғ куннни муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарори бўлди десак янглишмаган бўламиз.
Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни килишга буюради. Жумладан, арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намозидан кейин такбири ташриқ айтмоқлигимиз вожиб амаллардан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Умар ибн Хаттоб розияллоху анхумолардан ворид бўлган такбири ташриқ ибораси қуйидагича: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллахил хамд».
Ушбу такбирни ҳоҳ жамоат билан, ҳоҳ ёлғиз ўкилган ҳар бир фарз намоздан кейин айтамиз. Бундан ташқари, юрган ва ўтирганда ҳам айтиш мустаҳаб амалдир.
Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуои истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб амаллардандир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.
Ҳайит кунининг тонгидан ғусл килиб, хушбуй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, ҳайит намози ўкилгунча ҳеч нарса емай намозгоҳга бормоғимиз суннат амалдир.
Набий алайҳиссалом: “Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича бирор нарса емас эдилар”.
Қурбон ва Рамазон ҳайитлари Аллохнинг бандаларига фарз қилган улуғ ибодатлари: Рамазон рўзаси ва хаж ибодати адо этиб бўлинган куннинг эртасига нишонланади. Аллоҳ таоло бандаларини мана шундай улуғ ибодатларни адо қилишга муяссар қилгани учун ҳам унинг шукронасига икки ракат ҳайит намозини ўкишни вожиб килди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) суйиб қурбонлик килинг” (Кавсар сураси, 2-оят).
Намозни ўқиб бўлганимиздан сўнг, қодир бўлганларимиз қурбонликларимизни сўямиз ёки қассоб ёллаб сўйдирамиз. Ушбу ўринда шуни айтиш лозимки, аввалроқдан қурбонликка атаб олиб қўйилган қўйнинг жунини олиш жоиз эмас, шунингдек, ёлланган қассобга хизмати учун териси ёки гўштидан хам бериш дуруст эмас. Сўйилган қурбонликни терисини сотиб, пулини шахсий манфаатлар учун ишлатиш хам жоиз эмас, балки муҳтожларга садақа қилиш лозим.
Қурбон ҳайити кунларида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон, мунис онахонларга имон, ёшларга тавфиқу ҳидоят тилашлари лозим. Қариндош -уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева—бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан хисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-қудратли таниш-билишлар ҳам худди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучок очсалар, ўзаро узр сўрашсалар максадга мувофик бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафкатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун хам қарз, хам фарздир.
Кириб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан барча юрдошларимизни муборакбод этамиз.
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби