Халқимизда бир-бировдан насиҳат олиш, бир-бировга насиҳат бериш одати мавжуд. Албатта, насиҳат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор “Насиҳат” сўзи ўзбек тилига араб тилидан кирган сўз ҳисобланади. У самимий маслаҳат, ўгит, хайрихоҳлик, деган маъноларни англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да” “Насиҳат (арабча) самимий маслаҳат, ўгит, хайрихоҳлик, самимийлик” дейилади. Бир инсоннинг бошқа инсонга холис ниятда маслаҳат бериши, уни ёмонликдаан қайтариб, яхшиликка чорлаши насиҳат дейилади. Ҳар бир инсон насиҳат сўраб келган кишига холис насиҳат бериши лозимдир. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бошқа мўъмин-мусулмондаги ҳақларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир: “Унга рўбарў келсанг, салом бер, сен (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айт, бетоб бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) эргаш (яъни қатнаш)” дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Насиҳат қилишнинг эса қуйидаги одоблари бор:
Насиҳат сўраб келган кишини очиқ юз билан қарши олиш;
Насиҳат сўраб келган кишидан ҳол-аҳвол сўраш;
Насиҳат сўраб келган кишининг фикрини охиригача тинглаш;
Насиҳат беришни яхши ният билан бошлаш;
Насиҳат сўраб келган кишининг кўнглига тегмасдан унга чиройли насиҳат қилишга ҳаракат қилиш;
Насиҳат ўзида дунё ва охират манфаатларини қамраб олиши;
Насиҳатда ишонарли нақлий ва ақлий далиллар келтириш;
Насиҳатда ҳаётдаги ибратли воқеалардан мисоллар келтириш;
Насиҳатда кишининг хато ва камчиликларини ётиғи билан тушинтириш;
Насиҳатда кишининг ижобий томонларини кўрсатиб ўтиш;
Насиҳатни ўрни ва вақтини билиб, уни холис қилишга уриниш;
Бирор кишини уялтириш учун унга кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
Риё учун бошқа кишига кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
Имкони борича насиҳатни махфий қилиш;
Насиҳатни бирор ғаразли мақсаддан холи бўлишига эришиш;
Насиҳат қилишда бировнинг айбини юзига солмаслик;
Насиҳат якунида яхши хулосалар чиқариш;
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар»…Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам комил иймон учун зарур нарсалар ҳақида саҳобалар ҳузурида сўзлаб туриб: «Дин насиҳатдир», дедилар.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори, насиҳатдан иборатдир, деганларидир.
Қолаверса, билган илмини яшириш ўта оғир гуноҳлардан бўлиши ҳам бизни бу ишни амалга оширишга чорлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир илмдан сўралса-ю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яширишнинг оқибати нима бўлишини баён қилиш билан бирга уни тарқатишга тарғиб қилмоқдалар. Демак, ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида услуб билан азобланиши муқаррар экан. Ундай одамни Аллоҳ таоло оловдан бўлган юган билан юганлаш азобига дучор қилар экан. Бу жаҳаннамга солади ва унда яна алоҳида махсус азоб беради, деганидир.Исломда илм уни билган олимнинг эмас, балки ўша олим яшаётган жамиятнинг мулки ҳисобланади. Олим эса, уни ўзида омонат сақлаб турган ишончли одам ҳисобланади. Насиҳат қилувчи кишининг илми юқори, ҳаётда тажрибаларга эга бўлиши, фаҳм-фаросати юқорида даражада бўлишлиги муҳим аҳамиятга эга. Хулоса қилиб айтганда, ҳар томонлама яхши ниятда, таъсирчан услубда, самимият билан қилинган насиҳат катта ажр-савобларга сабаб бўлади. У инсонлар ўртасида ёмонликни мавҳ қилиб, яхшиликни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.
А.Бобожонов
Гурлан туман “Усмон сайид бобо” масжиди имом-хатиби