Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради, Раббимизнинг розилигига эриштиради. Қурбонлик кўп қилинадиган жойда уруш, очарчилик, табиий офатлар бўлмайди. Қурбонлик қилишга имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган кишининг ё ўзи, ёки бола-бақраси ёки моли ёхуд тижорати касодга учрайди. Қурбонлик қилишда барча – эру хотин, бола-чақа, фақиру мискинлар учун умумий манфаат бордир. Қурбонлик туфайли Аллоҳ таолонинг умумий афви намоён бўлади. Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Уммати Муҳаммадияга эса Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзи қурбонликка сўйган ҳайвон гўштини ейишни ҳалол қилди. Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Раббимизга нисбатан юксак одобни ифодалайди. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмас. У зотга фақат банданинг тақвоси етади, холос. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллигидан дарак беради.
Қурбонликнинг яна бир ҳикмати камбағалларнинг кўнгилларини кўтаришдир. Уларга яроқсиз, нуқсонли ҳайвонларнинг эмас, балки энг афзал, энг соғлом ҳайвонлар гўштини эҳсон қилиш ажри катта амалдир. Қолаверса Ислом оламида бешинчи аркон муборак ҳаж зиёрати адо қилинадиган зулҳижжа ойи яқинлашиб келмоқда. “Йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”, деган ояти каримага – Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ зиёратчилар ҳаж амалини бажаришга ошиқмоқдалар. Зулҳижжа ойининг фазилатли қурбонлик кунларида қурбонликни ният қилганлар, ушбу ниятини адо қилганларга беҳисоб ажру савоблар ёғилиши бор. Ҳазрати Али к.в. Расулуллоҳ с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”, дедилар.
Муборак ҳадисдан аён бўладики, қурбонлик учун қилинадиган ҳар бир ҳаракатга савоб бўлар экан. Мана шундай совоб илинжида бўлганлар қурбонлик учун қандай жонлиқ мумкин-у, қандай жонлиқ мумкин эмаслигини яхши билишлари лозим бўлади. Қурбонликка туя, сигир, қўй, эчки каби жонлиқлар сўйилади, лекин товуқ, ғоз каби паррандалар бўлмайди. Қурбонликка аталган ана шу жонлиқлар: туя, сигир беш-етти киши номидан; қўй, эчки бир киши номидан қурбонлик қилинади. Бу жонлиқлар ориқ, касал, чўлоқ, кўр, шохи синган, қулоғининг ярмидан кўпи кесилган, нуқсонли бўлмаслиги, ҳар жиҳатдан соғлом, семиз, айблардан холи бўлиши керак. Қурбонликни ният қилганлар жонлиқни сўядиган вақтни ҳам яхши билмоғи лозим. Қурбон ҳайити ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади ва учинчи кун аср намозигача қурбонликлар адо қилинади. Ҳайитдан илгари сўйиб қўйса, ёки уч кунни ўтказиб сўйса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Баъзилар қассобларнинг қурбонлик кунларида уч кун одатдагидек мол сўйиб дўконга олиб келса, қурбонликка ўтиб кетаркан? дейдики, бу мутлоқо нотўғридир. Чунки қурбонликка ният бор, жонлиқни эҳсон қилиб тарқатиш бор, лекин одатдагидек мол сўйишда ният савдо учун бўлгани боис, улар қурбонликка ўтмайди. Қурбонликни ҳайит кунидан бошлаб, уч кун ичида адо қилганларга Расулуллоҳ с.а.в. хушхабар этиб муборак ҳадисда: “Гувоҳлик бераман, ҳар ким қурбонлик қилса, қурбонликнинг ерга томган биринчи томчи қони учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг ўтмишдаги гуноҳларини мағфират этади”, дедилар. Парвардигоримиз юртимиз, халқимиз учун келаётган Қурбонлик кунларини баракотли қилсин, барчамизни шундай улуғ кунлар фазилатидан насибодор айласин!
М.Бекметов
Гурлан туман бош имом-хатиби