Яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити муборак

Аллоҳ таоло бизларни мусулмонлар байрами бўлмиш “явмун наҳр”, “ийдул азҳо”, яъни қурбонлик ҳайитларига етказиб турибди, яна бир бор шукроналар бўлсин. Наҳр бу арабча луғатдан олинган бўлиб,  туя ва унга ўхшаш ҳайвонлар ўзига хос сўйилиб, уни “наҳр” деб аталади. Наҳр кўкракка яқин жойдан пичоқ солиш билан (туя каби) амалга оширилади. Бўйни қисқа ҳайвонларни бошига яқин жойидан пичоқ солинади (мол ва қўй каби) ва уни “забҳ” дейилади.

 Ибодатлар Аллоҳга яқинлашишга ва Унинг розилигини топишга бир воситадир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири – бу қурбонликдир. Қурбонлик учун сўйилган ҳайвонлар орқали мўмин киши Аллоҳ таолонинг амри билан ўз молидан воз кеча олиши имтиҳон қилинади. Динимизда бирон жонлиқ сўйиш орқали амалга ошириладиган ибодатлар талайгина. Масалан, бир хонадонга Аллоҳ таоло фарзанд ато этган бўлса, қўй сўйиб ақиқа қилинади. Никоҳ тўйида бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат қилиб бериш суннатдир. Ҳажга борган кишилар ҳаж ибодатини якунлаб бўлгач, бирор жонлиқ сўйиб қурбонлик қилади. Динимизда қурбонлик амали нақадар қадрли эканини ҳамма билади.

  Аллоҳ таоло Исломдан илгари ўтган умматлар зиммасига ҳам қурбонлик қилишни жорий этган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:“Биз (ўтган) барча умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз Аллоҳ таоло берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз”. (ҳаж сураси 34 – оят)

Ҳамма ибодат Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ учундир. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилсада, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақирлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуйидаги оят шунга далолат қилади:“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у Зотгасизлардантақвоетар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсиндирибқўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг ”.(Ҳаж сураси, 37-оят)

Дарҳақиқат, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Банда Аллоҳ таолони қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтсаоз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳ таолонинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Бериё қилинган ҳар бир амал, яъни холис қилинган амал учун доимо хушхабар бор, бу ҳам бўлса жаннат, дийдор, роҳат! Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

 

А.Матяқубов

Хива шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *