Миссионерлик тузоғига алданманг!

Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Миссионерлик айнан шундай диний қарашларга ўз таъсирини ўтказиб халқнинг барқарорлигини бузади.Ҳозирги даврда бир қанча ғарбий Осиё мамлакатларида низоли вазиятлар ва фуқаролар уришининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Мамлакатимизда миссионерлик ҳаракатларининг мавжудлиги бизни ранжитади. Маҳалла-кўйларда “фалончи христианлик динини қабул қилибди” деган гапларни эшитиб қоламиз. Бундай ҳолатлар, ота-онанинг юзини ерга қаратиб, қариндошлар ва маҳалла-кўйни, қолаверса, жамиятимизнинг барқарорлигини бузади. Бундан келиб чиқадиган салбий оқибатлар ҳақида айтиб ўтиш шарт эмас.

Бу миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришадиган бўлсалар, улар фаолият олиб бораётган мамлакатда ҳам халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан холи эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.

Миссионерларнинг асосий мақсади христианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат ва ҳудуд устидан назорат ўрнатишдир.

Ислом дини бутун инсониятга нозил қилинган мукаммал дин ҳисобланади. Шундай гўзал, одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, дунё-ю охиратни обод қилишга буюрадиган соф диндан бошқа динга ўтиб кетишни Ислом шариати қаттиқ қоралайди ва огоҳликка даъват қилади: “Эй мўъминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гуруҳларига бўйинсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар”. (Оли Имрон сураси, 100-оят)

“… Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир холида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунё-ю, охиратда беҳуда кетар. Улар  дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар”. (Бақара сураси 217- оят)

Шариатимизда адашган кимсаларнинг ҳидоятга қайтмаслиги, уларга охиратда лаънат ва дўзах азоби борлиги, шунингдек, чин дилдан қилган тавбаларини қабул қилиниши баён қилинган: “Иймон келтириб, пайғамбарнинг барҳақлигига гувоҳлик берганларидан ва уларга ҳужжат келганидан кейин кофир бўлганларни Аллоҳ қандай (қилиб) ҳидоятга йўлласин?!  Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоятга ийўлламагай. Ана ўшаларнинг жазоси—Аллоҳ, фаришталар ва барча одамларнинг уларга нисбатан (айтадиган) лаънатларидир. Улар унда (лаънат ёки дўзахда) абадий қолгувчилардир, уларнинг азоблари енгиллаштирилмас ва кечга ҳам сурилмас. Илло, шундай (куфрдан) кейин тавба қилиб, (хатоларини) тузатсалар, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмдил зотдир. Албатта, иймон келтирганларидан кейин (яна) куфрга қайтган, сўнгра куфрларини зиёда қилган кимсаларнинг тавбалари сира қабул қилинмас. Ана ўшалар адашган (гумроҳ)лардир”.

Бу йўлга адашиб кириб қолганлар тавба қилиб қайтсалар, шариатимизда бунга монеълик йўқ. Ота-онаси, яқинлари ва халқ ичида қарама-қаршиликлар ва норозиликлар бўлмайди. Шундагина халқ ва жамият тинч бўлади.

Миссионерликни олдини олиш учун ота-оналар, имом хатиблар, маҳалла оқсоқоллари ва ўқув даргоҳларида кенг кўламда тушунтириш ишларини олиб боришлари мақсадга мувофиқ, шунингдек, ота-боболаримиз минг йиллардан буён чин дин деб эътиқод қилаётган, халқимизни тўлиқ шаклланишида қон-қонига сингиб кетган динимизни маъно-моҳияти, фазилати ва икки дунёнинг саодатга элтувчи дин эканлигини ёшларимиз онгига етказишда фаол бўлишлари керак. Бу маънавий хавфсизлигимизга таҳдидларнинг олдини олиш учун ҳам муҳим восита бўлади.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *