Мусулмон олами ўзининг тарихи давомида кўпгина ҳолатларни кечирган. Яхши ҳолатлар ҳам бўлган шунинг билан бирга нохуш холатлар ҳам бўлган. Бундай ҳолат ғайримусулмонларнинг тарихида ҳам бўлган. Аслида бу дунё ҳаётининг Аллоҳ таоло жорий қилган қоидалари шундай тузилган. Мусулмон халқлар тарихига назар соладиган бўлсак тушкунлик ҳолатлари ўзининг алоҳида хусусиятлари билан ажралиб туради.
Мусулмон олами ҳозирда бошидан кечириб турган мусибатлар ҳам ўзини билган ҳар бир шахс учун жуда катта мусибатдир. Бу мусибатларнинг асосий айбдорларидан бири мусулмонларнинг ўзларидан чиқган беъмани тоифалардир. Мазкур тоифалар қўзғаган ва олиб бораётган жоҳилона ҳаракатлар оқибатида бутун мусулмонлар олами жафо чекмоқда ушбу жафо мусибатларнинг ҳажми шу қадар каттаки ҳаётнинг турли соҳаларида дунё бўйлаб мусулмонларга катта зарарлар етмоқда….
Кўпчиликнинг такидлашича мусулмон оламининг ҳаётида пайдо бўлаётган бугунги кундаги аксарят муаммоларнинг бошида бемазхаб ва илмсиз жамоа ва шахсларнинг бедодликлари туради.
Террорга оид хабарлар. “Террор” — араб ихтироси ёки исломий бидъат эмас, балки замонавий асрда сиёсий изтироблар натижасида юзага келган нафратнинг бир кўринишидир.
Афғонистонда яқин тариҳда шундай вокеалар бўганки, Афғон мусулмонлари фитначиларнинг таъсирига тушиб бир бирларини кофирга чиқариб ўзаро қирғинбарот уруш қилиб турганларида, афғонларга ёрдамга келган мусулмонлар нима қилишларини билмай Пешаворда тўпланиб қолдилар. Уруш кўрган қон кўрган бақувват йигитлар қўлларида қуроллари билан мийяларида фақат «жиҳод» деган тушунча билан тўлдирилган, шундан бошқа нарсани билмай, исломга ғаразли кишиларнинг қўлларида ўйинчоқ бўлиб қолганларига бошқалар ҳам гувоҳ бўлишади.
Холбуки, мазкур бирёқлама тарбия оқибатида жангари кимсаларга айланиб қолган урушдан бошқа нарсани билмайдиган ёшларни тинч ҳаётга мослаштириш учун уларни қайта тарбиялаш, уларнинг фикрини уруш мафкурасидан тозалаб тинч ҳаётга қайтариш керак эди. Бу эса барча замон ва маконларда урушдан кейин қатъий равишда амалга оширилиши шарт бўлган ишлар экани тажрибадан маълум бўлган эди.
Мусулмонлар ичида бир бирини кофирга чиқариш авж олди. Бу борада бемазҳаблар ҳаммадан ўзиб кетишди улар ўзларига насиҳат қиладиганларни ҳам кофирга чиқара бошладилар.
Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан одамларни осонлик йўлига йўллаш учун жорий қилинган, уларни қийнаш тоқатидан ташқари нарса мажбурлаш учун эмас. Шариат томонидан инсонга қилинган таклифларнинг барчаси иститоаъга боғлиқдир. Бошқача қилиб айтганда одамларнинг кучи қудрати иқтидори имконятларига чамбарчас боғлиқдир
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: «Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас»(286-оят).
Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкон даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишга қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, бандага жазо ёки мукофот белгиланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилнади: Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар.
Бухорий ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда ашадиййлашиб кетиб, ўзини қийнамасликка ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башоратини беришга, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.
Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Ҳақиқий инсондек яшаш қасдида бўлган одам буни дархол тушуниб етади, чунки Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Шу билан бирга , Исломнинг осонлигидан кўнгли тўлмасдан, уни ўзи учун қийинлаштиришга урунганлар ҳам ҳато қилдилар.
О. Машарипов
Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор Вали” масжиди имом-хатиби