ОГОҲЛИК ФАРОВОН ҲАЁТ ГАРОВИ

Ҳар бир мусулмон турли фитна-фасод ишлардан, бузғунчилик, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан сақланиши фарз ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсон зотига сон-саноқсиз неъматларни ато қилган. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси 18-оятида: Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”, дейилган. Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Мустақиллик, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаёт Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан ҳисобланади. Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик оқимлар мана шу неъматларга путур етказиш учун инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш орқали ҳар хил фитналарни келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Ваҳоланки, Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 191-оятида: “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…” дейилган. Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида ўз тасдиғини топди.

Бугунги кунда дунё миқёсида эътиқод ва маслак курашининг кескинлашуви кучайган бир пайтда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли ички ва ташқи кучлар томонидан авж олиб турган Яқин Шарқ мамлакатларидаги фитналар, турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш, бунёдкорлик ва бағрикенгликка асосланган дунёвий тафаккур ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб ва ташвиқ этиш талаб этилади.

Шунинг учун бундай иллатлардан қутилиш учун, уларнинг олдини олиш учун буюк аждодларимиз қолдирган бой меросимиз дурдоналарини чуқур ўрганишимиз ва уни ҳаётга татбиқ қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Шундагина ёш авлодларимиз ҳар хил ёт ғоя ва фитналарга берилмайдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ѐлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Кўп минг йиллик қадриятларимиз аслида буюк бобокалонларимиз амал қилган, даъват этган, ўзларининг гўзал хулқлари, инсоний одоблари, кўп савоб амаллари негизида сайқалланган. Ўз умрларини диний ва дунёвий илмларни эгаллашга, бошқаларга шу йўлда ибрат бўлишга умрларини бағишлаган буюк қомусий олимларимиз хаётлари, яратган ўлмас асарлари, қилган яхши амалларини ўргансак бунга яна амин бўлаверамиз. Бу буюк аждодларимизни бутун жаҳон афкор оммаси ўз устозлари мақомида билади. Бу буюк зотлар чуқур билим эгаси бўлиш билан бир қаторда маърифатли инсонлар ҳам эдилар. Ҳеч қачон хато йўлга юрмаган, жаҳолатдан доимо огоҳ бўлиб, ўз замондошларини бундан огоҳ қилган, ҳатто ўта оғир замонларда ҳам ўз эътиқодларини сақлаган шундай улуғ зотларнинг ҳаётий сабоқларини билишимиз, ўрганишимиз ва албатта уларнинг муносиб ворислари бўлишимиз керак.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, уламолар, имом-хатиб ва ота-оналарнинг асосий бурчимиздир.

 

  Хабибуллаев Махмуджан

Гурлан туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *