Ота-онани рози қилиш

Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилган қонун шуки, одам болаларининг барчаси ота-онадан дунёга келади. Ота-онани танлаш имкони йўқ, бу – илоҳий бир тақдир. Шундай экан, ҳар бир шахс бу илоҳий қисматга рози бўлиб, ота-онасига чиройли муомала қилиши, уларнинг розилигини олиши ва итоат қилиши шартдир. Ота-онага яхшилик қилишнинг зарурлиги ва фазилати Қуръони каримда ҳам бот-бот такрорланган. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ўтган умматларга ҳам буюрилганини баён қилиб, шундай дейди: “Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-онага яхшилик қиласиз, деб аҳд олган эдик…” (Бақара сураси 83-оят).

Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли зотлардан бири – ота-онадир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:  “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!…”” (Бақара сураси 215-оят).

Кўриб турганимиз каби эҳсон қилинувчилар рўйхатининг бошида ота-она зикр қилинган. Шунинг учун ота-она кексайиб, фарзандлар балоғатга етганда, ота-онанинг нафақа-таъминоти болаларнинг зиммасидадир. Ота-онани қаровсиз қолдирган фарзандлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.

Бугунги кунимизда ота-онасига қўпол муомала қилаётган, уларни ҳижолатга қўйиб, халқ ичида шарманда қиладиган ноқобил фарзандлар ҳам учраб туради. Минг афсуски, бирорта яқин кишиси қолмаган қариялар учун ташкил қилинган “Қариялар уйи”га бир нечта фарзандлари бор отахон ва онахонлар олиб келинмоқда. Ёшлиги, кучи ва билимини шу фарзандларни тарбиялашга сарфлаган ота-онасига қариганда, кераксиз мато каби муомала қилиш, инсонлик шаънига доғдир. Бу каби инсонлар мусулмон фарзанд номига лойиқми?! Шариатимиз фарзандларга ота-онанинг таъминотини фарз қилган. Уларни ташлаб қўйиш катта гуноҳ бўлиши билан бирга, тезда фарзандлардан ўзларига қайтадиган ишдир. Ким ота-онасига қандай муомала қилган бўлса, фарзандларидан айнан ўша муомалани кутаверсин!

Бир қанча муддат олдин ижтимоий тармоқда тахминан 15 ёшли бола отасининг ёнида онасининг юзига торт чаплагани видеоси тарқалиб кетди. Бу ерда бир нечта ташвишли нуқталар бор:

  1. Минг йиллардан бери исломга амал қилиб келаётган халқмиз, лекин айрим фарзандларимиз ота-онанинг ҳаққини, ҳурматини билмайдиган даражага келиб қолган. Улар учун ўзини дунёга келтирган онаизорни хўрлаш бир “ўйин”га айланди.
  2. Агар бола тарбиясига беэътибор бўлсак, фарзандларимизга атроф муҳитдаги ёмон таъсирлар ўз кучини кўрсатади.
  3. Болаларимизни ижтимоий тармоқларда нималар билан машғул бўлаётгани, у ерда кимлар билан дўст бўлаётганини назорат қилиб туриш керак. Акс ҳолда ижтимоий тармоқларда тарғиб қилинаётган турли ҳою-ҳаваслар, бузуқ ғоялар фарзандларимизни ўз домига тортиб кетади.

Бу муаммоларга қарши курашиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчи! Кимдир тили билан, кимдир қалами билан, кимдир таълим-тарбия билан, энг камида, ҳар бир ота-она ўз фарзандини назорат қилиши билан ҳисса қўшиши керак!

Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ фарзандлардан қилиб, доим ота-оналаримизга яхшилик қилувчилардан қилсин!

О.Рўзметов

Боғот тумани “Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *