Инсонни илм ва ақл ила бошқа мавжудотлардан ортиқ қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Башариятнинг энг комили ва афзали бўлмиш саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассалламга, у кишининг аҳли оилаларига ва асҳоби киромларига Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин.
Барча замонларда илм ва унинг соҳибига юксак иззат-ҳурмат кўрсатилган. Маълумки, ҳар бир ишнинг илмини билиш уни охирига етказиш ва мукаммал адо этишга асосий омил бўлади. Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради. Киши орзу-умидларига илм орқали эришади. Ҳалолни истифода этиш, ҳаромдан сақланиш, ҳаёт учун зарурий манфаатларни олиш, хавф-хатардан омон қолиш ҳам илм чўққиларини забт этиш орқали бўлади.
Илм олиш динимизда фарз қилиниб бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Ҳамда Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бор “Ўқи” деб нозил бўлган оят сўзимизга далил бўла олади. Илмнинг калити ўқишдир.
Исломдан олдинги пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини Қуръони каримда шундай баён қилган: “Дўзах чоғи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”. Оли Имрон сураси, 103-оят.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни иймонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, — деганлар. Ибн Можа ривоят қилган.
Улуғ зотлардан бири: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”, — дедилар.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Дунёвий илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар.
Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир. Ислом динидаги бу ҳукмлар аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.
Ривоятларда келишича, бир киши бир улуғ зотнинг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, — деб сўрабди. Шунда у улуғ зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, — деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.
Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!
Жаҳолат бу – зулм ва хавф-хатар экан. Бундан қутилишнинг ягона йўли эса, илм олишдир. Демак, инсон Фақат илм билан жаҳолатдан нажот топади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур сўзларидан бирида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, — деганлар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, — деганлар. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсон илм орқали охирати ва дунёсини обод қилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳада китоблар нашрдан чиққан ва чиқмоқда. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик!
Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган устоз ва мураббийларимизни паноҳида асрасин!
Ф.Отажанова
ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси