Имомларимиз шаъни бизнинг шаънимиздир

Маълумки бугунги кунда ижтимоий тармоқ саҳифаларида   Юртимиз олимларини обрўсини тўкиш ва уларга нисбатан жамият ичида ёмон отлиқ қилишга уринаётган кимсаларнинг ташлаган маълумотларини  тез- тез кўриб қоляпмиз.

Уларнинг оғизларидан ушбу сўзлар каби хақоратомуз сўзлар тушмай волган: “зулмга хизмат қилаётганлар, золим давлатлар, сиёсий маҳбуслар, сарой олимлари ва ҳоказо…

Яқинда А.Зуфар исмли шахс “имомларни жамоат ёмон кўради, жамоат ёмон кўрган одамнинг имом бўлиши мумкин эмас,улар буни ўзлари билсалар ҳам минбарни ва меҳробни бўшатиб қўймайдилар” қабилидаги гаплар билан имомларни ёмонотлиққа чиқармоқчи бўлиб айтган гаплари тармоқ саҳифаларида тарқалди.

А.Зуфар бу гапи билан халқ иомомларни ёмон кўради буни имомлар ҳам яхши билади лекин улар ўзларининг  ёмон кўрилганларини биладилар, қавми ёмон кўрган одамнинг имомлиги дуруст эмас демоқчи ва жамия ичида фитна қўзғаб имомларни эштишдан қайтармоқчи бўляпди.Агар шундай бўлса халқ бизнинг гапимиз эшитади деган ниятда шундай фитна қиляпди.Лекин А.Зуфар имомликка ўтишлиги мумкин бўлмаган кишилар рўйҳатида ўзига ўхшаган фитначилар ҳам борлигини айтиб ўтмади.Фиқҳ китобларимизда имомат бобида: Бидъатчи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маъруф бўлган эътиқодга саркашлик эмас, шубҳа туфайли хилоф қилган кишидир. Мисол учун, махсига масҳ тортишни инкор қилган одам бидъатчи бўлади. Шу каби одамларнинг имомлиги ҳам макруҳдир. Имомлик улуғ мартабадир. Бидъатчи эса унга лойиқ эмас дейилган.

А.Зуфарнинг имомларни қавм ёмон кўради деган сўзларида ҳеч қандай асос йўқ,баъзи бемазҳаб ва фитначи кишилар ёмон кўрган бўлиши мумкин улар ҳам А.Зуфарга ўхшаганларнинг тасирига тушиб қолганлардир.

Бундай фитначи ғараз ниятли шахслар  ўз ғояларини одамлар эшитиши учун юртимиз имомлари ва олимларини обрўсизлантиришдан бошқа йўл йўқ,шундагина одамлар бизни эшитади деган, олдиндан режалаштирилган мақсад билан бу ишларни қилишади.

Олимларни ва қориларни ёмонотлиқ қилиш эса оддий бир мўмин кишининг обрўсини тўкишдан кўра каттароқ гуноҳдир чунки одамлар уламолар деганда динни тушинишади.

“Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Табук ғазоти сафарида дам олиб ўтиришганда бир киши: “Анави қориларимизга ўхшаган қорни каттасини, тили ёлғончисини ва душманга йўлиққанда қўрқоғини кўрмадик!” – деди. Ўша мажлисда ўтирганлардан бири унга қараб: “Ёлғон айтдинг, лекин сен мунофиқсан! Албатта бу гапингни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга етказаман!” – деди ва уни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга етказганида у зотга ушбу оятлар нозил бўлган эди”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:

“Мен ўша одамни кўрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари жабдуғига осилиб олиб, суриниб, тошларга қоқилиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Биз фақат гапга киришиб кетиб, ўйнашиб бу гапни айтиб юбордик!” дея зорланарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса ушбу оятни такрорлардилар: “Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» – деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз…” (“Тавба”, 65-, 66-оятлар)

Уламоларни истеҳзо қилиш, солиҳ инсонларни камситиш, уларнинг илми ва салоҳиятини таҳқирлаш ҳақиқатда Аллоҳнинг оятларини таҳқирлаш, шариатнинг устидан кулишдир. Шунинг учун ҳам салафларимиз бу маънога ишора қилиб: “Олимларни ёмон кўриш нифоқдир, уларни сўкиш ва масхаралаш куфрдир”, – дейишган.

«Баззозия» китобида бундай ворид бўлган: “Шарафли зотларга ва олимларга нописандлик қилиш куфрдир*. Бир олимни «олимча» демоқ ёки фазилат аҳлидан бирини истихфоф этиш (камситиш, таҳқирлаш) қасди билан «олий одамча» демоқ – куфр. Шариатни ва шариатдаги муҳим масалаларни писанд қилмаслик – куфр. Сабабсиз равишда бир олимга буғз этадиган (уни ёмон кўрадиган) кишининг куфридан қўрқилади**.

(«Сабабсиз равишда бир олимни ёмон кўриш»). Олимларга буғз этиш (уларни ёмон кўриш, уларга ёмонлик қилиш) – куфр. Чунки ҳеч бир сабабга асосланмасдан уларга буғз этиш шариат илмига буғз этишдир ва куфрдир. Бу Алий Қорий ҳазратларидан нақл қилинган (“Жомиъул мутун” китобидан).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кибрнинг таърифида ҳақни танолмаслик билан бирга айнан шу сифатни, яъни инсонларнинг хилқати устидан кулишни алоҳида зикр қилганлар!

Умар розияллоҳу анҳу ўз даврларида жоҳилларнинг илмий баҳсларда қўзғайдиган фитнали гапларининг олдини олиш учун кескин чоралар кўрдилар. Бунинг мисоли ўлароқ марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Очиқ хат” китобидан иқтибос келтираман:
“Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эдилар. У киши илмни даъво қилиб, одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиган кимсаларга қарши эдилар. Уларни доимо таъқиб қилар эдилар.
Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Субайғ ал-Ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.
Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб:
«Бу одам қани?» – деди.
«Юклар билан», – деди у.
«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» – деди.
Уни олиб келди. Умар унга:
«Нималар ҳақида сўрайсан?» – деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб яра қилди. Кейин уни қамаб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қамаб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у:
«Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», – деди.
У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга:
«Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», – деб мактуб ёзди. Бу ҳалиги одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга:
«У ҳолини ўнглади», – деб ёзди. У ҳам ўз навбатида:
«Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», – деб ёзди».
Бу одам Бану Тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Авваллари у ўз қавмида саййид эди. Бундан кейин ҳақир бўлди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фитначиларга қарши кўрган ана шу чоралари ҳозиргача иш беради” (Иқтибос тугади).
Ҳулоса қиладиган бўлсак диннинг шиори бўлган уламолар ва имомларни обрўсизлантиришга уринаётган кишилар ўзлари билиб ёки билмай динимиз душманларига ҳизмат қилмоқдалар.

Шундай экан ҳеч ким  ундай фитначи кишиларга қулоқ солмаслиги керак.Бизнинг юртларда аввалдан уламолар ҳурматланган уларнинг шаъни диннинг шаъни деб қаралган.Шунинг учун юртимиздаги мўмин мусулмонлар адашмай Аҳли суннанинг йўлидан келмоқда.                                       Аллоҳ таъоло ҳаммамизни мустаҳкам ҳидоят йўли устида собит қадам қилсин,бизларни адашиб кетишимиздан паноҳ берсин.

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *