Муфлис ким эканини биласизларми?

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозирги кунда кўпчилик мўмин-мусулмонлар эътибор бермаётган масалаларни ўз ичига олган ва бизу сизга дастурул амал бўладиган бир муборак ҳадиси шарифлари:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касодга учраган киши кимлигини биласизларми?” деганларида, саҳобалар: “Касодга учраган киши дирҳами (пули) ва матоси қолмаган кимсадир”, – дейишди. Шунда у зот: “Менинг умматим ичида касодга учраган киши Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади-да, лекин уни сўккан, буни зинода айблаган, бировнинг молини еган, қонини тўккан ҳамда ургани сабабли унга ва бунга (яъни, юқоридаги мазлумларнинг барчасига) яхшиликларидан улашиб берилади. Агар яхшилиги зиммасидаги ҳақни адо қилмасдан олдин тугаб қолса, у ҳолда ҳақдорларнинг хатоларидан унинг устига ташлаб, сўнгра жаҳаннамга улоқтирилади”, – дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Тасаввур қилинг! Шунча одам қиёмат куни сиздан ҳаққини олишни кутиб, навбатда турса.

Биридан қарз олиб, қайтармагансиз, бошқасидан ўғрилик қилгансиз, яна бирига маҳсулотнинг айбини айтмай сотгансиз, яна бошқасининг ерини алдов, фирибгарлик йўли билан тортиб олгансиз.

Шунингдек, бирини ургансиз, бирини сўккансиз, бирини ғийбат қилгансиз, бошқасини алдагансиз, яна бирига хиёнат қилгансиз ва ҳоказо.

Шунча одамга ҳаққини бера оласизми?! Савобингиздан бериб, етказа оласизми?! Агар савобларингиз етмаса, уларнинг гуноҳларидан сизнинг бўйнингизга қўйилади.

Тасаввур қилинг! Бир марта сажда қилишнинг савобига муҳтож бўлиб турганингизда, минглаб, миллионлаб одамларнинг гуноҳини бўйинга олиш қанчалик даҳшат!

Тасаввур қилинг қиёмат қойим бошланди. Сиз Аллоҳнинг ҳузурида туриб ҳисоб-китоб қилинаяпсиз. Шу пайт сиз билмаган ва сиз ҳаётлик чоғингизда ҳам кўрмаган душманлар пайдо бўла бошлайди. Ҳаттоки улар Аллоҳ таолонинг ҳузурида қўрқмасдан сиз билан талашиб мезонда тортиладиган яхшиликларингизни олиб қўядилар. Тасаввур қилинг, ўша яхшиликлар билангина сиз Аллоҳнинг мағфиратига умид боғлаб турган бир пайтда сиздан юлиб олсалар…

Хўш, савол туғилади. Мен уларни қаердан орттириб олдим? Мана сизга баъзи бир мисолларни келтирайлик.

Сиз машинангизни бошқариб кетаётган чоғингизда қанчадан-қанча шахслар сизга йўлда қасддан ёки бехосдан ҳалақит қилиб юбориши мумкин. Сиз эса бунга ғазаб билан (у эшитса эшитмаса унга) ёмон алфозли сўзларни айтиб, ўтиб кетасиз… Охиратда шу шахс қаршингизда «сиз танимаган душман» бўлиб пайдо бўлади..

Кўча кўйда қанчадан-қанча сиз танимаган шахсларни ёнингиздаги биродарингиз ёки танишингизга унинг кўриниши, кийими ёки ҳатти-ҳаракатларини айтиб мазаҳ қилгансиз ёки ғийбатини қилгансиз. Огоҳ бўлинг, сизнинг бу ғийбатингиз ёзиб олинган ва сиз ғийбатини қилган шахс эса сизга қиёматда «сиз танимаган душман» бўлиб зоҳир бўлади.

Кимла биландир урушиб ёки тортишиб қолганингизда неча мароталаб унинг ўзини ёки ота-онаси ёки аҳлини ҳақорат қилгандурсиз… мана шулар қиёмат кунида қаршингизга «сиз билмаган душман» бўлиб келадилар. Сиз уларни ўзингиз билмаган холда охиратга тўплаб қўйган бўласиз..

Кимла биландур суҳбатлашиб ўтирганингизда неча мароталаб қайсидир юрт ҳақида гап кетгандир? Ва ҳар сафар сиз, масалан «э ўша халқни…» деб уларга қарата ёмон алфозларни ишлатгандурсиз. Аммо шу сўзлар учун бир кун келиб тавон тўлашингиз ҳаёлингизга ҳам келмаган.

Бир тасаввур қилинг, қиёмат куни ҳар бир шахснинг ҳаққини бирма-бир қайтаришингизга тўғри келиб қолса, кимдан нажот тилайсиз.. Сиз танимаган, билмаган ва ҳаётда уларни кўрмаган халқ қаршингизда туриб сиздан ҳаққини талаб қилиб келган пайтда ким сизга ёрдам бера олади?

Аллоҳ таоло Анбиё сураси 47 оятида:

Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз.

Ачитқи донаси жуда кичик бўлади. Агар инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик доначалик оғирликка эга бўлса хам, ҳисобга олинади. Яъни, хеч бир амал эсдан чиқарилмайди. Аллоҳ таола ояти каримада «Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз.» Бизга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Демак, қиёмат куни келмасидан олдин харакат қилиб қолиш керак. Унга тайёргарлик кўриш лозим.

Азизлар, тавба қилайлик! Бировларнинг ҳаққи зиммамизда турган бўлса, тезда қайтариб берайлик, қарзлардан тезроқ қутулайлик, урушганларимиз билан ярашайлик, ғийбат қилганларимиздан узр сўраб, уларнинг розилигини олайлик, бизда одамларнинг моддий ва маънавий ҳақлари қолмаслигига эришайлик!

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

 

 

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *