Ислом тарихида тўғри йўлдаги халифаларнинг учинчиси, тириклигида жаннат башорат берилган буюк саҳоба – Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳудир.
Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу машҳур “Фил ҳодисаси”дан олти йил кейин Тоиф шаҳрида таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.
Усмон разияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу мусулмон бўлган кунларининг ўзидаёқ жаннатнинг башоратига сазовор бўлган зотлардан беш кишининг Исломга келишига сабабчи бўлганлар. Ана ўша беш кишининг бири ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу эдилар.
Абу Myco розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам билан Мадинанинг боғларидан бир боғда эдим. Бас, бир киши келиб эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва жаннатнинг башоратини бер» дедилар. Эшикни очсам, Абу Бакр экан. Унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратни айтдим. У Аллоҳга хамд айтди. Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва жаннатнинг башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Умар экан. Унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратни айтдим. У Аллоҳга хамд айтди.
Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва унга етадиган бало учун жаннатнинг башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Усмон экан. Унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратни айтдим. У Аллоҳга хамд айтди ва сўнгра: «Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берсин», деди».
Ушбу ривоятда эшик қоқиб келган зотларга жаннатнинг башорати берилиши уларнинг Ислом умматидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин тутган ўринларига қараб бўлмоқда. Уларнинг эшик қоқиш тартиблари ҳам бежиз эмас. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги умматнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ кейин Умари Одил ва сўнгра Усмон Зуннурайни розияллоҳу анҳумдир.
Фақат бу ривоятда «унга етадиган бало учун жаннатнинг башоратини бер» дейилиши ила келажакда хазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг балога учрашларига ҳам ишора қилинмоқда. Яъни шаҳид бўлишлари.
Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон разияллоҳу анҳу ўрта бўйли, чиройли ва оппоқ юзли, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, соқоли қалин, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, жингалаксоч, энг гўзал одамлардан эдилар.
«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бошқаларга насиб этмаган яна бошқа сифатлари бор. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дунё тарихида Пайғамбарнинг икки қизига уйланиш бахтига муяссар бўлган ягона шахсдир. У киши аввал Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳога вафот этганларидан кейин эса, у зотнинг бошқа қизлари, яъни, Умму Кулсум розияллоҳу анҳога уйланганлар. Айнан шу нарса, яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизларига уйланганлари учун хазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга «Зун- нурайни» (икки нур соҳиби) лақаби берилган.
Ушбу фазилатга бошқа саҳобалар етиша олишмаган. Ривоят қилинишича, Сарвари оламнинг Умму Кулсум қизлари вафот этганинида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар яна бир қизим бўлганида, уни ҳам, албатта, Усмонга жуфти ҳалолликка берардим”, – деганлар.
Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ўта ҳаёли киши эдилар. Бунга Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги воқеа ҳам очиқ далилдир: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шу пайт Абу Бакр разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот алайҳиссалом эса, ҳалиги ҳолатда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ билан гаплашдилар. Сўнгра Умар разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга ҳам изн берилди. У зот алайҳиссалом яна ҳалиги ҳолатда ҳазрати Умар билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зот алайҳиссалом ёнбошлаган ҳолатларидан ўтирган ҳолатга ўзгариб, кийимларини тўғрилаб, кейин ҳазрати Усмонни қабул қилдилар. Сўнгра ҳазрати Усмон чиқиб кетганларида мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳазрати Абу Бакр кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Сўнгра ҳазрати Умар кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Ҳазрати Усмон кирганда эса, ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?!” дедим. Шунда Расули акрам алайҳиссалом:
яъни: “Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир сифатлардан бири чегарасиз саховат ва Аллоҳ таолонинг розилиги учун молиявий харажат қилишдан бир лаҳза ҳам бўшашмаслик сифати эди. Асл тижоратчи бўлган бу зотнинг мол-мулкига Аллоҳ таолонинг Ўзи барака бериб қўйган эди. Энг муҳими, Аллоҳ таоло саҳийликни хазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ажралмас сифатларига айлантирган эди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Исломга кирганларидан бошлаб, умрларининг охиригача ҳар жума куни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир дона қулни озод қилар ва буни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб, бўлса ҳам озод этар эдилар.
Мадинаи мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолди. Бу ҳолатдан бир ғайридин киши фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Рума номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқ кишилар унинг сувидан сотиб олиб, ичдилар, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
яъни: “Ким “Рума” қудуғини сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари). Шунда ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу қарийб ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдилар. (Бу ҳозирги кунда тахминан 350 та ўртача туя қийматига тенг бўлади).
Бугунги кунда ушбу қудуқ атрофида боғ бўлиб, ундаги хурмолар сони 15500 тупдан кўпроқ. Расмий маълумотга кўра, қудуқнинг чуқурлиги тахминан 37 метрни, кенглиги тахминан 4 метрни, сувнинг баландлиги тахминан 29 метрни ташкил этади. Аллоҳ таолонинг фазли билан ушбу вақфнинг савоби 14 асрдан бери Усмон разияллоҳу анҳуга бориб турибди. Модомики, ушбу қудуқ мавжуд экан, ундан мусулмонлар манфаат олишар экан, Усмон разияллоҳу анҳуга савоб бориб туради.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ибодатда ва тақвода ҳам пешқадам саҳобалардан эдилар. Ривоят қилинишича, у зот ҳаж кунлари Каъбанинг олдида бир ракъатда Қуръонни тўлиқ хатм қилар эканлар. Бошқа кунлари ҳар жума куни Қуръонни хатмини бошлаб, пайшанба куни тамомлар эканлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу фитначилар томонидан шаҳид қилинишини айтган эдилар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг умрларининг охирида айрим мунофиқ кимсалар фитна қўзғаб, одамларни халифага қарши қайрадилар. Иш катталашиб, фитначи тўдалар Мадинага бостириб келиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, Мадинадаги низом бузилди, Усмон разияллоҳу анҳу беҳуда қон тўкилмаслиги учун саҳобалардан уруш қилмасликни талаб қилдилар. Бошқа вилоятлардан Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳимоясига мададлар етиб келишига оз қолганида қўзғолончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Уша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг
яъни: “Кишилар уларга: “Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар”, деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: “Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!” дедилар” оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).
У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: “Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди”, дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар. Шундай қилиб икки нур соҳиби – ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни фитначилар томонидан шаҳид қилиндилар.
Аллоҳ таоло Усмон разияллоҳу анҳудан рози бўлсин. Бу зотни Ислом уммати учун қилган улкан хизматларини қабул айлаб, Ўзи мукофотласин!
Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби