Мустақиллик, бировларга қарам бўлмаслик Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукур қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир.
Даҳрийликка асосланган собиқ тузум пайтида барча диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз Истиқлолдан кейин имон-эътиқод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди. Давлатимиз ана шу нозик туйғуни чуқур ҳис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтиришга катта аҳамият берди.
Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди.
Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: яъни:“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброхим сўраси 7 оят) – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.
Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даража-да ҳисса қўшиш билан ўлчанади.
Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.
Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимимзда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир. Дунёда турли манфаатлар, ғоялар кураши авж олган бугунги мураккаб бир даврда ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлигини сақлаш, равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш ҳар биримимзнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, ватанимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиз, ҳаётимиз мазмунидир. Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни, вайрон бўлаётган шаҳар ва қишлоқларни, тинч аҳолининг қони тўкилаётганини кўриб, Ўзбекистоннинг оддий фуқароси сифатида шуни баралла айта оламизки, энг олий саодатимиз – мустақиллигимиздир.
Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратаётган аёлларнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласан, киши.. Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!
М.Атажонова
Боғот туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси