Мустақиллик – энг улуғ неъмат!

Мустақиллик, хурлик, бировларга қарам бўлмаслик Аллох таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукур қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир.

Истиклол туфайли мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътикод эркинлиги қонуний равишда кафолатланиб қўйилди. Барча миллий ва диний қадриятлар тикланди. Масжид ва мадрасалар бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишликлари, диний таълим олишликлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий  ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишликлари учун барча шароитлар яратилди. Рўза ҳайити ва Қурбон  ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди. Ҳар йили минглаб ватандошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этишга муяссар бўлмокдалар. Жаҳон ислом тамаддунига фан ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Ҳожи Ахмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғилоний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Ҳожи Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тассавуф уламоларининг таваллудлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Ўтган давр мобайнида диний маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари ҳадислар тўпламлари бир неча маротаба чоп қилинди. Буларнинг барчасига истиқлол шарофати билан эришдик.

Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки,  Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор:
яъни:“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброхим сўраси 7 оят) – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
яъни: «Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди», (Имом Ахмад ва Термизий ривояти) -деб марҳамат қилингандир.

Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даража-да ҳисса қўшиш билан ўлчанади.

Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.

Истиқлол – Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.

Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.

Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаетган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимимзда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.

Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб, шундай дейди:
яъни: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сўраси 2 оят).

Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!

У.Бабажанов

Урганч туман «Шоликор» жоме масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *