Поклик иймондандир

          Поклик, тозалик деган сўзларнинг луғавий маъноси барчамизга маълум. Улар ҳеч қандай кир, зарар ва шу каби салбий таъсирлар аралашмаган ҳолат ёки нарсани англатади. Тоза сув деганда ранги, ҳиди, таъми ўзгармаган сув тушунилса, покиза либос деганда тоза ювилган, доғ тегмаган кийим тушунилади ва ҳоказо. Буларнинг барчаси моддий тозаликдир. Аммо маънавий поклик ҳам борки, бу поклик инсоннинг ички дунёсида, қалбида, руҳида бўлади. Демак, унинг моддий поклиги ҳам маънавий покликдан келиб чиқади.

         Ислом дини инсондан ҳам маънавий, ҳам моддий покликни талаб қилувчи илоҳий таълимотдир. Масалан, бутун борлиқни яратган Роббига ибодат қилиш маънавий поклик бўлса, бу ибодатни нажосат теккан аҳволда, нопок кийимда, ифлос жойда эмас, покиза  жисм  билан, топ-тоза либос билан, покиза жойда адо этиш моддий покликдир.

         Исломнинг беш устунидан ҳар бири чинакам поклик рамзидир. Иймон – қалбни ширк ва куфрдан, шубҳадан поклашдир. Таҳорат ва ғусл жисмни кирдан, чанг-ғубордан, нажосатдан поклашдир. Намоз – ўз-ўзини фаҳшу мункар ишлардан поклашдир. Рўза – қалбни маъсиятлардан, жисмни исрофдан поклашдир. Закот–мол-мулкни муҳтожларнинг ҳаққидан поклашдир. Ҳаж ва умра – инсоннинг борлиғини бу дунёнинг ўткинчи ташвишларидан поклашдир.

          Аллоҳ таоло Ўзининг бениҳоя ҳикмати билан бандаларини покланишга чақирар экан, бу покликка ҳар қандай замонда, ҳар қандай маконда риоя қилиш лозим ва лобуддир. Баданни пок тутиш ҳам, уйни тоза тутиш ҳам, табиатни, атроф-муҳитни тоза сақлаш ҳам поклик бўлганидек, ёлғон, ҳасад, ғийбат каби маънавий иллатларни, ўғрилик, рибохўрлик, порахўрлик, ичкилибозлик, гиёҳвандлик, одам савдоси, қотиллик, фитна-фасод каби гуноҳларни тарк қилиш ҳам покликдир. Жисмини, либосини, уйини пок тутган инсон соғлом бўлади, нияти пок, меҳнати ҳалол кишининг топган-тутганига барака киради, эл-юрт ичида ҳурмати баланд бўлади, турмуши осуда, ҳаёти мазмунли ўтади.

           Хулоса шуки ислоҳни аввало ўзимиздан, ўз оиламиз, маҳалламиздан бошлашдир. Бунинг учун оилада фарзандларни маънавий ва моддий тозаликка, покликка ўргатишимиз, аввало қалбни, ниятни, мақсадни пок қилиш, қолаверса, жисмини, либосини, уй-жойини, маҳалласини, юртини покиза, кўркам, озода тутиш, табиатдан, атроф-муҳитдан тежамли, оқилона фойдаланиш ва уни келажак авлодлар учун авайлаб-асраш руҳида тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун халқимизнинг минг йиллик миллий-маънавий қадриятларидан, урф-одатларидан унумли фойдаланишимиз, ўғил-қизларимизни дину диёнатли, инсофли, мустақил фикрли, ғайратли, шижоатли ва бунёдкор инсонлар қилиб тарбиялашимиз керак.

 

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *