Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради. Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талабидир.
Шунингдек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг чиройли хулқларга одатланиши Исломнинг шиори эканини эълон қилганлар. Жумладан, пиёда ва автомашиналарда юришнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Бу мавзунинг муҳимлиги шундаки, ҳозирги кунимизда транспорт воситалари сезиларли даражада кўпайди. Шу билан бирга йўл-транспорт ҳодисалари ва талофотлар ортмоқда. Бу эса ҳам ҳайдовчи, ҳам пиёдага қўшимча масъулият юклайди.
Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланаётган бўлса, 100 мингга яқин киши турли даражада тан жароҳати олмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари дунёда 1 миллион 300 минг кишининг ҳаётига нуқта қўяди. Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолишини ҳам қўшсак, фалокат кўлами янада кенгаяди, жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этмоқда.
Асосли маълумотларга кўра, республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради. Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.
Мана шу нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш мавзусига тегишли бўлган баъзи фиқҳий аҳкомларни ўрганиб қўйсак, фойдадан холи бўлмайди.
1.Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳнинг бизга берган неъмати
Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай йўллар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматлардир.
Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади. Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. Машинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.
2.Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг шаръий ҳукми
Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво ташкилотлари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади. Улар ўз сўзларига “Маслаҳатул мурсала”ни далил қиладилар (“Маслаҳатул мурсала” – шариатда кўзда тутилган фойдани жалб қилиш). Чунки йўл ҳаракати қоидалари шариатимизга зид эмас. Ундан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – бошлиқларга итоат қилиш қабилидан ҳисобланади. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ва уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш мумкинлиги келиб чиқади.
Шуниси ачинарлики, айрим мутаассиб, жоҳил “фатво берувчилар”: “Йўл ҳаракати қоидалари Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам ворид бўлмаган, у ислом шариатидан ташқаридаги нарса, демак, унга амал қилмаса ҳам бўлаверади” деган ўта аҳмоқона фатволарни бермоқдалар.
Баъзи мусулмонларнинг бу каби найрангларга учиши оқибатида бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.
3.Динимизда йўлдан фойдаланиш ҳаққи ва одоблари
Маълумки, динимиздаги кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари Исломнинг асос қоидаларидан биридир:
яъни: “Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Ибн Можа ривояти).
Юқоридаги шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар бундан мустасно.
Гоҳида бўлар-бўлмасга сигнал чалиш, номаҳрамларга назар солиш ёки мусиқани баланд қўйиш билан ўзгаларга озор берамиз. Кечки пайтларда бошқа ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юришдан “завқланамиз”.
4.Транспорт воситаларини бошқариш одоблари ва унда мўътадил бўлиш
Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғирроқ жиноят. Телефонда гаплашиш эса ҳайдовчининг ҳам, пиёданинг ҳам диққатини олади. Фалокат учун одам бир неча сония чалғиши кифоя қилади. Динимиз кўрсатмаларида инсон одатда пиёда юрганда ҳам, уловда юрганда ҳам, мўътадил бир тезликда юришга тарғиб қилинади.
5.Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилиши лозим
Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланди.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби, савобли бир иш деб, амал қилишимиз керак. Мана шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади!
Аллоҳ таоло барчамизни йўллардаги хатарлардан паноҳида асрасин.
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби