Тилдан озор етмасин

         Тил боис содир этиладиган гуноҳларнинг бири ғийбатдир. Қуръони каримда ғийбат қилиш вафот этган дўстинг  гўштини ейишга ўхшатилган:

“Эй мўминлар,  кўп гумон (лар)дан четланинглар!   Чунки  айрим гумон (лар)   гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик  қилманглар ва  бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродаринг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми? Бас, гуноҳи бундан-да ортик бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўринглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи меҳрибон Зотдир”(Хужирот, 12-оят).

         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбатга бундай таъриф берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган ҳислатларини айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган ҳислат унда бўлса-чи?” деб сўрашганда, Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Бор ҳислатни айтсанг ғийбат, йўқ ҳислатни  айтсанг, бўҳтондир”, деганлар.

         Кишини жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насил-насабини, ҳаракатини, сўзларини, дину диёнатини, дунёсини, кийимларини, яшаш жойлари, улови кабиларни камситиш ғийбат бўлади.

          Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан ҳам кишини масхаралаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло бундай марҳамат килади: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи (олдида) масхара килувчи хар кимсанинг ҳолига вой” (Хумаза.1-оят).

         Бировни ёмонлаб хат ёзиш, ғийбат қилинган жойда ўтириб қулоқ солиш ҳам ғийбатга киради. Ҳадисда айтилади “Олов ўтинни еб битирганидек  ғийбат ҳам савобларни еб битиради”. (Эй инсон) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма. Чунки қулоқ, кўз, дил уларнинг барчаси тўғрисида (хар бир инсон) масъул  булур  (Исро,36-оят).    Мазкур оятда нафақат биравни ғийбат қилиш, балки ғийбатга қулоқ солиш ҳам катта гуноҳ  экани айтилмокда.

Хазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юулиб турганларини кўрдим. Жаброил (алайҳиссалом)дан уларнинг кимлигини сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштларини ейдиган, уларнинг иффат-номусини тўкадиган одамлардир, (яъни, ғийбатчилардир)”, деди.

Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳдан фориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин юракдан тавба-истиғфор айтиб, пушаймон бўлиши, ғийбат қилмасликка ахд этиши зарур. Ғийбат қилинган  шахсдан  кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга ҳайр-эхсон улашиб, савобини унинг рухониятига хадя қилиши керак.

 

Ш.Рузметова

Тупроққалъа тумани бош имом-хатибининг хотин-кизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *