АГАР ОГОҲСЕН ШОҲСЕН СЕН

Бугунги низо ва зиддиятлар инсониятнинг доимо огоҳ бўлишини тақозо этмоқда. Бу борада, айниқса, мусулмонлар ғаламисларнинг найрангига учмасдан, ҳушёр бўлишлари лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ундайлар фитналаридан огоҳ бўлишга буюриб: «Огоҳ бўлингки, албатта, улар айнан ёлғончилардир!..» (Мужодала, 18) деб таъкидлайди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ИШИД каби бузғунчи тўдаларнинг хунрезликлари, инсон зотига мутлақо мос келмайдиган ваҳшийликлари ҳар қандай мусулмоннинг қалбини ларзага солиши табиий. Албатта, турли баландпарвоз даъволар қилаётган ушбу тўданинг фақатгина шайтон малайлари экани ва “бизлар мусулмонмиз, ислоҳчилармиз” деб ичган қасамлари ёлғон эканини ушбу оят тасдиқлаб турибди: «Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир» (Мужодала, 16).Аслида бу тўдага муборак Ислом номини изофа қилиш ҳайф, Ироқ ва Шом каби дунё тамаддунида катта ўрин тутган муқаддас масканларни нисбат бериш ҳайф! Бироқ афсуски, бу газандалар шундай улуғ масканларни эгаллаб олиб, Ислом динини ниқоб қилиб, унинг шаънига доғ тушириш учун зўр бермоқда.

ИШИД газандалари ифлос қадами етган жойда юзлаб, балки минглаб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқда. Улар ўзининг бу манфур ишига шариатни рўкач қилиб, ўша ўлдирилаётганлар кофир экани, кофирларни эса қатл қилиш кераклигини иддао қилишди. «ИШИД фитнаси» китобида таъкидланганидек, ҳеч кимга инсоннинг имонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган. Бундан ташқари, аҳли сунна вал жамоа ақидасида аҳли қибладан бирортасига қарши қилич кўтармаслик, мусулмон одамни аниқ далил бўлмай туриб, кофирга чиқармаслик лозимлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Зеро, Аллоҳ таоло ер юзида фасод ишларни қилмасликка, бунга йўл қўймасликка буюрган. «… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманг! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида, 2). Демак, дунёнинг бир чеккасида юз берган нотинчликка тинч ҳудудда яшаётганлар бепарво қараб, “биз омонмиз-ку”, дейишлари асло тўғри бўлмайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:“Ким бир мункар, ёмон ишни кўрганида, аввало қўли билан қайтарсин, сўнгра тили билан қайтарсин, бўлмаса шу мункар ишни дили билан ёмон кўриб турсин, мана шу имоннинг энг заифидир”.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида: “Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади”, деган сўзлари айни маъноларни қўллаб-қувватлайди. Сўз мулкининг султони А. Навоий ҳам бу борада:«Эрурсан шоҳ, агар огоҳ сен, сен, Агар огоҳ сен, сен, шоҳ сан сен», -деб тарбиявий фикрни берган. Агар биз огоҳ бўлиб боболаризидан шахдам қадамлар билан борсак, буюк сиймоларнинг ҳақиқатдан ҳамма ънавий ворисларига айланиб, ёшлар тарбиясида катта ютуқларга эришамиз.

У.Бекязов

Хазорасп тумани Абдукарим Шайх бобо масжиди

имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *