Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз

               Динимизда  одамларга хуш муомалада бўлиш  ва уларга  таом улашиш  савоби  улуғ ишлардандир. Ихлосли ҳалқимиз қадимдан бу суннатларга амал қилиб келади. Мана шундай чиройли суннатлардан бири никоҳ тўйидир. Никоҳ икки бегона , номаҳрамни  бир — бирига  халол қилгани сабабли, уни эълон  қилиш —  жумҳур уломалар наздида суннааатдир ва бизнинг урфимизда уни «тўй» деб аталади .

               Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига тўй қилиш  тавсиялари ҳақидаги  энг машҳур ривоят  «Абдураҳмон         ибн Авфнинг ҳадиси » номи ила машҳур. Унда қуйидагилар  айтилади. Анас розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам  Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ  (ранг) асарини кўриб: «Бу нима?», -дедилар . «Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги  тилло (маҳр бериб ) уйландим», — дедилар . «Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин», — дедилар».  (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).            Демак, ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини  ортиқча  уринтирмасдан тўй қилиб бериши  суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Сафия онамизга уйланганларида меҳмонларни хайс (хурмо ва ёғдан тайёрланадиган, кўриниши биздаги  холвайтарга  ўхшаган таом ) билан меҳмон қилдилар.

             Қадимдан катта бир хурсандчилик  бўлган тўйни, хозирги кунда ўзимиз  учун жиддий ташвишга  айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, хар хил сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш, қизини узатишни  ўйлаб, оталарнинг хатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аслида динимиз —  енгиллик дини! Ҳамма масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам имкон борича мўътадил йўл тутилади. Оиша разияллоҳу  анҳодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи  васаллам айтдилар: «Энг баракали никоҳ —  харажатлари енгил бўлганидир «(Имом Байҳақий ривояти).

             Никоҳнинг баракали бўлиши сабабларидан бири —  никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ бўлишидир.    Яна бир муҳим жиҳат шуки —  келин ёки куёв танлашда  асосий  мол — дунё ва обрў эътибор бўлмаслиги керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай тавсия берадилар:  Абу  Хурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топгур!» (Имом Бухорий  Имом Муслим ривояти).

             Баъзида қизларимизнинг     тенги чиқса ҳам, янада яхшироқ жойлардан умид қилиб, уларни ушлаб  ўтирамиз. Гоҳида қизнинг сепи тайёр эмаслиги, бунга қўлимиз калталигини рўкач қилиб, уларни умрини ўтказамиз .

             Тенги чиққан қизларни турмушга узатмасак, кераксиз матоҳларни деб, тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак  ва аёллар  кўпаяди, зино ривожланади, насаблар  кесилади. Жамиятда  салоҳият ва иффат камаяди.

            Баъзи йигитлар эса, ҳамма  шароитимни яхшилаб оламан деб, уйланмай  юришади. Натижада ёшлари  ўтиб қолади. Ваҳоланки, бир касбни бошини тутган, нафақаи рўзғор қила оладиган йигитлар камбағалликдан қўрқиб уйланмай юриши,  тўғри эмас. Аллоҳ таоло  Қуръони каримда шундай дейди: «Сизларнинг  орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни хамда қул ва чўриларингиздан  яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар )камбағал бўлсалар, Аллоҳ  уларни ўз фазли билан бойитур.  Аллоҳ (фазлу карами ) кенг ва доно зотдир» (Нур сураси , 32- оят) .

              Ояти каримада камбағал бўлганлар  турмуш қурганларидан сўнг бой бўлиши хақида айтилмоқда. Бунинг устига, уйлангунча  бўш, ялқов бўлган йигитлар, уйлангандан кейин ғайратли, ҳаракатчан бўлиб қолишлари кўп кузатилган. Шунинг учун динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин никоҳ  суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусабақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар  қилиш динимизда  қораланади ва бу ишдан қайтарилади.

   Аллоҳ таола барчамизни  тўйларда исроф қилиш, манманлик қилиш,  ҳаддан ошишликдан сақласин ва тўғри йўлида собитқадам қилсин!

Ў.Холмуротова

Янгиариқ туман Чиқирчи қишлоқ «Оқ- мачит» маҳалла отинойиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *