Ислом дини ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ҳам ёшлар тарбиясини қачондан бошлаш керак деган саволга, Исломда онасини (ёки отасини) танлашдан деб жавоб берилади. Яъни гўдак ҳали туғилмай туриб, у кимлардан дунёга келиши мумкинлигига эътибор берилади. Бўлажак она ёки ота бола тарбиясининг зоҳирий асосчиларидир. Чунки гўдак туғилганда соф ҳолда бўлади ва қайси муҳитда тарбия кўриб, ўсиб ўлғайса, ўша муҳитдан таъсирланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида (яъни соф табиатда) туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади”, — деб марҳамат қилганлар.
Демак, Исломда ёшлар тарбиясида ота-она диёнатли бўлиши, фарзандини ҳам диёнатлик қилиб тарбиялайди. Кўп жиҳатдан фарзанднинг тарбиясида оналарнинг таъсири катта бўлади. Бўлажак она ҳам ўз фарзандининг бўлажак отасини танлаши лозим. Бунда ҳам бўлғуси отанинг дину диёнати, ахлоқ ва одобига қаралади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Агар хулқи ва динидан сизлар рози бўладиган киши (қизингларга) совчи бўлиб келса, уни унга никоҳлаб беринглар, агар бермасанглар ер юзида катта фасод қилган бўласизлар”. Икки диёнатли йигит ва қиз турмуш қуришгач, энди фарзанд тарбиясининг кейинги босқичлари юзага келади. Аёл фарзандга ҳомиладор бўлгач янада эътиборлироқ бўлиши лозим.
Ислом ота-онанинг зиммасига фарзанднинг таълим-тарбиясини ҳам юклайди. Зеро, Ислом дини ўзи илм ва таълим динидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи хитоб қилинган ваҳий илм ва таълимни эслатди. Болага илм беришда аввало ўқиш ва ёзишни ўргатиш лозим. Чунки ўқиш ва ёзиш илм олишнинг асосий қуролидир. Шу билан бирга фарзандни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ҳам ўргатиш лозим. Чунки, илмсиз миллатнинг қуввати пасаяди. Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам Ислом тарбияси ўлароқ ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур. Уларга бошқа тилларни ўргатишни ҳам йўлга қўйиш керак. Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади. У зот шундай дейдилар:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний тилини (яҳудий тили) биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен “Йўқ”, деган эдим, “ўрган”, деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.Шунингдек, илмни ёшликдан олишга тарғиб қилиш керак. Абу Довуддан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўдаклигида илм олганнинг мисоли тошга ўйилган нақш кабидир.”деганлар”.
Демак, ёшларни илмга қизиқтириш масъулияти аввало ота-онанинг зиммасида бўлар экан. Шу билан бирга фарзандга касб-ҳунар ҳам ўргатиш лозим. Чунки олган илмини миллат равнақи учун сарф қилар экан, ўрганган касбидан ҳам инсонларга фойдаси тегади, ҳам ўзи учун ҳалол, покиза ризқ топади. Бировга муҳтож бўлмайди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ейдиган энг афзал таоми – ўз касби-ҳунари орқали топганидир.” – деганлар.Булардан кўриниб турибдики, ёшларнинг тарбиясида, уларни касб – ҳунарли бўлишига ҳам эътибор бериш муҳим вазифалардан экан. Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало уларга яратган зотни танитмоқлиги ва уларни иймонли, эътиқодли, динига, ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етиши учун ҳар бир ота-она масъулдир.
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидур. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга балки, бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Жамиятимизнинг эртанги эгалари бўлган ёшлар учун Пайғамбаримиз нақадар улуғ сўзлар айтиб қолдирганлар. Пайғамбар с.а.в марҳамат қиладилар: “Яъни қиёмат кунида меъзон тарозусида энг оғир келадиган амаллардан бири Аллоҳ таъолодан тақво қилиш ва ҳусни хулқдир” деганлар.Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Пайғамбаримиз бу борада айтадиларки: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади” — марҳамат қиладилар.
Ҳакимлар фарзанд тарбия қилишни тўрт қисмга бўлганлар: Имоний тарбия: Яратганни таниш ҳалол ва ҳаромни фарқлаш ҳамда унга риоя килишга ўргатиш. Хулқий тарбия. Гўзал ахлоқ ва одобли қилиб тарбиялаш Жисмоний ва баданий тарбия. Бунда болаларга хос турли ўйинлар, югуриш, сузиш, кураш каби спорт машғулотлари муҳим ўрин тутади. Ақлий тарбия. Ота – она ва тарбия иши билан машғул кишилар болаларга фойдали илмларни, жамият учун керакли бўлган касб – ҳунарларни ўргатишлари лозим. Бу ҳакда Қурьон карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб тавсия ва кўрсатмалар баён этилган.
Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб чиройли хулқ ёшлар фарзандларимиз камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва одоб ила музайян қилсин.
Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби