Мавлуд ойи

Ҳар йили ҳижрий йил ҳисобидаги Рабиъул-аввал ойи   кириши билан дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъул-аввал ойида туғилганлар. Шу сабабли халқимиз бу ойни Мавлуд (туғилиш) ойи ҳам деб атайди. Бу мавлуд ойи фазилатли ойдир. Бу ойда барчамиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечириши бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.         Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш ва сайқаллашдир.

 Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам  милодий 571 йилда Мавлуд ойининг 12 душанба куни туғилганлар. У зот таваллуд топадиган кечалари бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлгани у китобларда зикр қилинади. Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборади.  Форс юртида мажусийлар сиғинадиган олов  ўчади. Бутхонадаги санамлар қулаб тушади. Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ, оналаринг исми эса Амина эди. Пайғамбаримиз туғилганларида оталари вафот этган бўлиб,  олти ёшларида оналари Амина ҳам вафот этади. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам боболарининг тарбиясида етти ёшгача бўладилар, сўнгра боболари вафот этиб у зот амакилари  Абу Толиб қўлида қоладилар. Пайғамбаримиз етимликда катта бўладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда сабрли,  борига қаноат қиладиган одам эдилар.  Бир неча кунларни баъзан овқатсиз ўтказар эдилар. У кунларда пайғамбаримизга   хурмо ва сувнинг ўзи кифоя қилар эди. Пайғамбаримиз содда ҳаёт кечирар ва бировга ўз аҳволларидан шикоят қилмас эдилар. У зот оддийгина кийиниб, ғоятда оддий таом ер эдилар. Кийимларига ўзлари ямоқ солар. қўл тегирмонида ун тортар эдилар. Кийимларининг тозалигига ниҳоятда катта аҳамият берар эдилар. Пайғамбаримиз оғизни бадбўй қиладиган нарсаларни хушламас эдилар. Овқатдан олдин ҳам. кейин ҳам қўлларини ювар, оғизларини чаяр эдилар. Тиш тозалаётганда доимо мисвок ишлатар эдилар. Таналарини тоза тутар, хуш бўй нарсалардан фойдалар эдилар. Хулқлари жуда мулойим эди. Ҳеч кимга ёмон гапирмас, қўпол муомила қилмаганлар. Бутун ҳаракатларида ўрта ҳолликни танлар эдилар. Бирор жойга бормоқчи бўлсалар, ўнг-сўлга алангламасдан, тўғри юриб борар эдилар. Юрганларида ёнларидагилар орқада қолиб кетар, ҳатто  у кишига етиб олиш учун югуришга мажбур бўлишар эди. Пайғамбаримиз ҳазил-мутойиба қилсалар одоб доирасида, ҳақ ва рост сўз билан ҳазиллашар эдилар. Бировни ёмонлаб гапирмас, ҳеч кимни ғийббат қилмас эдилар. Бировни ҳақоратламас, бошлиқларнинг сирларини билишга ҳаракат қилмас эдилар. Биров билан тортишишни, баҳслашишни ёмон кўрар эдир. Ҳеч қачон тўғриликдан, ростгўйликдан ажралмаганлар ва ёлғон гапирмаган эдилар. У зот ёлғондан, ёлғончилардан нафратланар эдилар.

         У зот мусибатларга ҳам бардошли эдилар. Дўстларига ҳурмат ва эҳтиромлари чексиз эди. Инсонлар йиғилиб турган жойга келсалар жой танламас. Қаер бўш бўлса дарҳол ўтириб олар эдилар. Уйларига келган меҳмонларга ўзлари хизмат қилар эдилар.

         Болаларни жуда яхши кўрар. Ҳаёти давомида бирор боланинг қалбини ўкситмаган эдилар. Ҳадисларнинг бирида: “Сизларнинг яхшиларингиз хотин, бола-чақасига яхшилик қилувчиларингиздир” деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз фақир ва мискинларга, бечора инсонларга жуда шавқатли эдилар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганларида ҳам бировларга таомларини берар эдилар. Аммо у зот инсонларнинг тиланчилик қилишларини хуш кўрмас эдилар. Инсон ўз тирикчилиги учун ҳамиша меҳнат қилишга буюрар эдилар. Ўзлари ҳам чўпонлик қилган, савдо иши билан шуғулланган эдилар. Уй ишларида ҳам аёлларига  ёрдам берар эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо инсонларга меҳнат билан умр кечиришни тавсия қилганлар.

       Пайғамбаримиз одамларга биринчи бўлиб салом берар, ўзларини баланд олмас эдилар.  Одамлардан хато камчиликларни кечирар эдилар.  Бировни айби –нуқсонни юзига солмас эдилар.

             Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари битилган китобларни ўқиш маънавиятимиз оламини кенгайтирса,  у зот одоб-ахлоқларидан ибрат олиш эса бизни комиллик сари етаклайди. Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осийишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқлари  биз учун яхшилик манбаи бўлиб хизмат қилади.

             Аллоҳ таоло барчамизга мавлуд ойини муборак айласин!

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *