МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР ЁШЛАР НИГОҲИДА

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг манфаатларини тўлиқ таъминлашга йўналтирилган, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини кафолатлашга хизмат қиладиган маънавий-маърифий ҳамда ғоявий-мафкуравий тадбирлар тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Амалий ишлар доирасида ёш авлодни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида, менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсир ва оқимларга қарши тура оладиган, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам ўзининг самарасини беряпти.

Инсон онги ва қалби учун қаттиқ кураш кетаётган бир даврда бундай масалаларга эътибор берилиши бежиз эмас, албатта. Ёшларни, хусусан, вояга етмаганларни ахборот хуружлари ва маънавий таҳдидлардан асраш – юксак маънавиятли авлодни тарбиялашнинг муҳим омилидир.

Таъкидлаш лозимки, маънавиятимиз учун ўта оғир ва таҳликали бўлган бир шароитда юртбошимиз ёш авлодга ва уларнинг келажагига алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, интернет балосига айланган ғоявий ҳужумлар ва ахлоқий бузуқликлардан ёшларни ҳимоя қилиш учун, уларда ўша ҳужумларга қарши туриб берадиган имунитетни шакллантириш лозим. Бунинг йўли эса битта, у ҳам бўлса, ёш авлодни миллий қадриятларимиз, урф одатларимиз ва муқаддас динимиз таълимоти асосида тарбиялаш лозим.

Айтиш керакки, бизнинг халқимиз ўз қадрияти, миллий урф-одатлари ва энг муҳими муқаддас динидан узоқ ҳолда яшаш нечоғлиқ ёмонлигини етмиш йиллик атеистик тузум мисолида бошидан ўтказди ва бунинг зарарли оқибатларини англаб етди. Шунинг учун муҳтарам юртбошимиз мустақилликнинг бошиданоқ, миллий қадриятларимиз, гўзал урф-одатларимиз ва муқаддас динимизга алоҳида эътибор қаратдилар. Бугунги кунда эса ҳар биримиз ўша эътиборнинг самарасини ўз кўзимиз билан кўряпмиз. Бу хайрли иш бардавом бўлиши учун ғарбнинг моддият ботқоғига ботиб қолганидан ибрат олиб, моддият билан бирга маънавиятга ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда маънавият борасида ва уни юксалтириш йўлида, бошқа юртлар ўрнак олса бўладиган даражада кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Демак, ёшлар қалбида маънавият қанчалик юксак бўлса, жоҳиллик, ёвузлик, худбинлик, лоқайдлик каби салбий иллатлар шунчалик барҳам топади, булар ўрнида ёшларимиз онгида ватанпарварлик, бунёдкорлик туйғулари юксалади.

М.Муҳаммадсодиқ

Урганч туман “Эшон бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *