ҚУДРАТИМИЗ БИРЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИКДА

Ватан – юракда ўсган дарахт. У инсоннинг меҳридан, муҳаббатидан, садоқатидан баҳра олиб кўкаради. Унинг танаси метин иродали, шавкатли эрлар, шохлари оловқалб ёшлар, барглари эртанинг ёруғ истиқболлари бўлмиш ширинтой фарзандлар, илдизи эса бутун танасига садоқат сақловчи фидойи жони бўлмиш аёллардир. У садоқатли турли миллат ва элатларга бағрини очадиган макон. Унда ўзбек, қирғиз, қозоқ, тожик, арман, корейс, славян, рус ва бошқа миллатлар бир бутун халқ бўлиб, оға-ини, дўст-биродар, қуда-анда бўлиб, аҳилликда умргузаронлик қиладилар. Шу сабаб ҳам илдизи япроқ билан, тана шохлари билан мустаҳкам бўлгани каби, Ўзбекистондаги турли миллат вакиллари ҳам бир мақсад атрофида бирлашади.

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб миллатлараро муносабатлар, турли диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки Ўзбекистон — кўп миллатли, кўп конфессияли давлат.

Шу боис юртимиздаги турли миллат ва элатлар вакиллари аҳил иноқ яшаб, ҳаётнинг барча соҳа ва тармоқларида сидқидилдан меҳнат қилмоқда, уларнинг тили, урф-одатлари ва анъаналари изчил ривожланмоқда. Буни мамлакатимизда таълим-тарбия жараёни ўзбек тилидан ташқари яна олти тилда — қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилаётгани ҳам тасдиқлаб турибди. Оли Имрон сурасининг 103-оятида:«Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони» (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида тургангизда, сизларни ундан қутқарди Шояд, ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади», деб марҳамат қилинади.Бирлик куч-қудрат демакдир. У саодат ва саломатлик келтиради. Фирқаларга бўлиниш эса инсонни заифлаштиради. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларини тадқиқ этган олимлар мусулмонларнинг Қуръонни маҳкам тутиб, ҳамжиҳат бўлганлари боис катта зафарларга эришганликларини таъкидлайдилар. Юқоридаги оятнинг нозил бўлишига Мадинада яшайдиган Хазраж ва Авс қабилаларининг мунтазам адоватлари сабаб бўлган эди. Ушбу оятда Қуръони Карим нозик ўхшатиш билан мустаҳкам арқонга киёсланмоқда. Мана шу арқонни маҳкам тутган киши омон қолиши, яъни гуноҳ ва ёмонликлардан халос бўлиши мумкин. Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даъват этганидек: «Эй, инсонлар! Ла илаҳа иллаллоҳ денг ва саодатга эришинг» сўзи душман қабилаларни бирлаштирди ва уларни бир-бирига биродар қилди. Биргалик эса катта кучни юзага келтирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) инсонларни яраштиришни энг улуғ фазилатлардан деб билганлар. Биз учун ҳам энг улуғ вазифалардан бири − бу бирлашиш, ҳамжиҳат бўлишдир. Инсонлар ўртасидаги нифоқ ва низоларни бартараф этиб, уларни яраштириш барчамизнинг бурчимиздир Бирлик саодатга етаклайди, айрилиқ эса фалокатга. Ҳар мўмин банда ўзига раво кўрган нарсасини бошқаларга ҳам раво кўрса, ўз нафсини енга олса, бу улуғ неъмат саналади. Аллоҳ таолонинг бу неъматига эришиш Қуръон йўлида фидокорлик қилган ва унинг ҳукмларига сўзсиз итоат этган мўминларгагина насиб этади.

Негаки,  бизда аҳиллик бор. Бу аҳилликни биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўргатган… Бу аҳилликни Мухтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович билдирган.. Бу ўргатилган ва билдирилган аҳиллик, якдиллик, истиқболга ишонч оддий одамлар қалбида янада  мустаҳкамланмоқда.

Мамлакатимизмизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиб бораётгани бизнинг қудратимиз айнан бирлик ва ҳамжиҳатликда эканини яна бир бор тасдиқлайди. Ана шу бебаҳо неъматлар қадрига етиш, уни асраб-авайлаш шу азиз Ватанда яшаб, шу замин бойликларидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир инсоннинг, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Ниятимиз,эса халқимизнинг бу меҳр-мурувват ва бағрикенглигига хамжихатлиликка асло кўз тегмасин. Барчамиз озод ва обод мамлакатимизнинг мусаффо ҳурлик ҳавосидан доимо баҳраманд бўлиб юрайлик!

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *