Асл тарбия исломда

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний, ёки мажусий қилади.» дедилар». Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар. Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия берилмаса, инсон тарбияли, одобли бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси соҳаси мутахассислари: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади. Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади. Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаб берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-оналарнинг ўзлари болаларга яхши намуна бўлишлари керак.

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: «Бери кел, бир нарса бераман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нима бермоқчисан?» дедилар. «Мен унга хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: Аммо агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар».Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган. Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда оналар фарзандларини гапларига киргиза олишмаса, алдашга ўтишади. Ёлғондан бирор нарса беришни ваъда қилиб, ушлаб олиб, калтаклашга тушишади. Бу ишлари билан улар боланинг тарбиясига зарар етказадилар, уларга ёмон намуна кўрсатадилар. Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота-онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Боланинг назаридаги ана шу энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдаганидан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий.Шунинг учун ҳам ота-она фарзандларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир. Яна ўтирган жойида туфламаслик, бурун қоқмаслик, бошқаларнинг олдида эснамаслик, бировга орқа ўгириб ўтирмаслик, бир оёғини иккинчисига чалиштириб ўтирмаслик, кафтини жағи тагига қўймаслик, билаги билан бошини суямасликка одатлантириш лозим. Чунки булар дангасалик белгисидир. Унга қай ҳолатда ўтириш ўргатилади, кўп гапириш беҳаёликка далолат қилишини, у пасткашлар фарзандларининг иши экани билдириб қўйилади. Яна унга хоҳ рост, хоҳ ёлғон бўлсин, бирданига қасам ичиш ҳам ман этилади, сабаби у қасам ичишга кичкиналигидан одатланиб қолмасин. Олдин гап бошлашдан қайтарилади. Фақат жавоб қайтаришга ёки саволга яраша гапиришга одатлантирилади. Ўзидан катта киши гапирган пайтда эътибор билан тинглаш, ўзидан юқори киши учун ўрнидан туриш, унга жойни бериш, унинг олдида уялишга ўргатилади. Беҳуда ва хунук сўзларни айтиш, лаънатлаш, сўкиш, тилларида доим хунук сўзлар бўладиган болаларга қўшилишдан қайтарилади. Чунки бу одатлар ёмон дўстлардан шубҳасиз унга ўтади. Болаларга одоб беришнинг асли ҳам уни ёмон дўстлардан сақлашдир.

Хулоса ўрнида мусулмон уммати ўзининг тарихи давомида динимизнинг таълимотларини ҳам ихлос билан ҳаётига татбиқ қилиб келгани ҳаммага маълум. Бугунги кунимизда ҳам мусулмонлар бу борада бошқаларга ўрнак бўлиб келаётганида шубҳа йўқ. Шу билан бирга, нуқсон ва хатолар ҳам йўқ эмас. Баъзи ҳолатларда боланинг моддий тарбиясига эътиборни кўпроқ бериб, маънавий тарбия оқсаб қолаётгани ҳам сир эмас. Албатта, бу борадаги хато ва камчиликларимиз диндан умумий узоқлашиш оқибатида пайдо бўлган десак хам бўлаверади. Динимиз бола тарбияси масаласига, улар ила олиб бориладиган алоқа маданиятига, жуда катта эътибор қаратади. Бу борада бола тарбиясига оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор беришимиз зарур бўлади.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *